ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали ҳамда Президент ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ва Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида олий ўқув юртлари талабалари, ўқувчи-ёшлар, хотин-қизлар иштирокида ZOOM платформаси орқали учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида жамғарма вакиллари ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, давлат томонидан инсон салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ташаббуслар ҳамда ёшларни дунёдаги нуфузли университетларда таълим олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг асосий ғояси – ҳар бир ёшнинг салоҳиятини очиш ва ривожлантиришдир. Шу боис ёшлар яшаш жойи ёки ижтимоий ҳолатидан қатъий назар, илм олишга интилиши, чет тилларини ўрганишда фаол бўлиши орқали жамғарма стипендиатлари қаторига кириш имконига эга бўлади.
[gallery-26072]
Мулоқот жараёнида ёшлар янги лойиҳалар билан яқиндан танишиб, ўз ғоя ва таклифларини билдирди. Бу эса уларнинг келажакдаги истиқболини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА фотомухбири