Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эл юрт умиди” жамғармаси кўмагида хорижда таҳсил олиб қайтган ёшларга қандай лавозимлар таклиф этилди?
16:40 / 2024-01-11

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 18 миллиондан ортиқ ёки аҳолининг 55 фоизини ташкил қилади. Меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг ёш кириб келаётган бўлса, келгуси 10 йилда бу рақам 1 миллионга етади.

Бугунги кунда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳият ва иқтидорини ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун барча  имконият ва шароитлар яратилган. Хусусан, ўтган 2023 йилда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлган.  

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ривожланишларга мос ташаббускор, иқтидорли, салоҳиятли кадрларни шакллантириш, ривожланган хорижий давлатларда уларнинг билими, малакасини ошириш,  ёшларни  дунёдаги етакчи илмий тадқиқот марказларида ўқитиш замоннинг долзарб  талаби.  

“Эл юрт умиди” жамғармаси  олдига  шундай муҳим ва масъулиятли вазифа қўйилган. Ҳар йили жамғарма томонидан эълон қилинадиган стипендия танловларида вазирлик, идоралар мутахассислари, профессор-ўқитувчилар,  илмий тадқиқотчилар, асосан, ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда. Синовларда ғолиб бўлган мингдан зиёд мутахассис бугунги кунда магистратура, докторантура, малака ошириш дастурлари орқали  30 га яқин хорижий давлатнинг 200 дан ортиқ университетларида таҳсил олиб қайтди.  

Хўш,  хорижда ўқиган мутахассислар учун қандай имтиёзлар тақдим этилди?  

“Эл юрт умиди” жамғармаси   матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган 2023 йил сентябрь ойидан бугунга қадар Жамғарма кўмагида хорижда таҳсил олган ташаббускор ва фаол ёшлар турли лавозимларга қабул қилинди.  

Хусусан,  “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Англиянинг University of Leeds 2023 йилги битирувчиси Анваржон Мирзаалиев Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг Халқаро ҳамкорлик ва рейтинглар бошқармаси бошлиғи ўринбосари - Протокол хизмати бўлими бошлиғи лавозимига, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Англиянинг University of Leicester 2023 йилги  битирувчиси Самандар Исмоилов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Бош илмий ходими лавозимига тайинланди.  

Шунингдек, Буюк Британиянинг University of Oxford магистратура босқичи, Давлат сиёсати йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Муштарий Мадраҳимова Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Коррупцияни олдини олиш ва “комплаенс-назорат” тизимини жорий этиш  бошқармаси бошлиғи ўринбосари  лавозимига лозим деб топилди.

Буюк Британиянинг The University of Birmingham магистратура босқичи, Давлат бошкаруви (Молия) йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Ислом Икрамов Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаментининг Бюджет жараёнини такомиллаштириш ва ҳисоби услубиёти бошқармасидаги “Бюджет жараёни такомиллаштириш” бўлими бошлиғи лавозимига,  АҚШнинг The George Washington University магистратура босқичининг Давлат сиёсати йўналиши битирувчиси Нуршод Нурқулов Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бошқармасидаги Давлат органларини рақамлаштириш бўлими бош мутахассиси лавозимига тайинланди.  

Буюк Британиянинг University of Dundee магистратура босқичи, Ислом банк иши йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Ғолибжон Рўзимуродовга  “Микрокредитбанк”АТБ нинг “Риск менежменти” департаменти директори ўринбосари вазифаси ва  Буюк Британиянинг London School of Economics and Political science магистратура босқичи, “Давлат томонидан иқтисодиётни тартибга солиш” йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Мафтуна Қобиловага Адлия вазирлигининг “Қонунчилик ҳужжатларини таҳлил қилиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ҳуқуқий ахборот” бошқармасидаги “Қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш ва коррупцияга қарши экспертиза”  бўлими бошлиғи вазифаси топширилди.    

Буюк Британиянинг Қиролича Мери университети магистратура босқичи, Банк иши ва молия йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Сардор Адилов Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимига тайинланди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати,

АҚШнинг University of Southern California магистратура босқичи, Халқаро бизнес ва иқтисодий ҳуқуқ йўналишининг 2023 йилги битирувчиси  Суннатилло Муртазаев “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг “Корпоратив муносабатлар” бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.  

“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати, Буюк Британиянинг University of Roehampton магистратура босқичи, Амалий тилшунослик ва инглиз тилини ўзга тил вакилларига ўқитиш йўналишининг 2019 йилги битирувчиси Саидмухаммад Тўйчибойзода Фарғона давлат университетининг Академик регистратор офиси бошлиғи лавозимини эгаллади.  

Буюк Британиянинг London School of Economics and Political science магистратура босқичи, Халқаро стратегия ва дипломатия йўналишининг 2023 йилги битирувчиси Иномжон Абдураҳмоновга Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Маркетинг ва экспортни ривожлантириш департаменти бошлиғи лавозими топширилди.    

Муҳайё Тошқораева, ЎзА