Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2022 йил учун 420 ўринга мўлжалланган стипендиялар ажратди
14:35 / 2022-01-08

“Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Жавохир Ахмедовнинг маълум қилишича, жамғарма томонидан 2021 йилда мутахассисларни чет элда ўқитиш учун 142,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

 2022 йилда эса талабаларни хорижда ўқитиш учун 170 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.  

Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси жорий йилда 420 ўринга мўлжалланган навбатдаги хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 2022 йилги 1-стипендия танловини эълон қилди.  

– 2021 йилги тажрибамиздан шуни айтишим мумкинки, битта талабани хорижда ўқитиш давлат бюджетига 40-45 минг АҚШ долларга тушди, – дейди Жамғарма ижрочи директори ўринбосари Жавохир Ахмедов. - “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2022 йилда талабаларни хорижнинг нуфузли топ 300 таликка кирган олийгоҳларида ўқиши учун, 170 миллард сўм  маблағажратилган. Стипендия танловида ғолиб бўлган талаба ўзи хоҳлаган давлатдаги олийгоҳни ўзи танлайди. Талабанинг ўқиши, яшаши учун барча молиявий харажатларни Жамғарма томонидан қопланади.

Жамғарма томонидан 2021 йилда ўтказилган танловлар натижаларига кўра жами 371 нафар номзодлар “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилган бўлиб, бугунги кун ҳолатига уларнинг 274 нафари Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Бельгия, Латвия, АҚШ, Канада, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Россия, Беларусь каби ривожланган давлатларнинг нуфузли университетларига таълим олиш учун юборилган.  

Бугунги кунда стипендиатлар таълим олиши режалаштирилган 70 дан ортиқ хорижий нуфузли университетларга Жамғарма номидан ўқиш харажатлари билан боғлиқ чегирмалар олиш учун расмий мурожаатлар қилинди.

Бакалавриат дастури бўйича хорижий олий таълим ташкилотларидан стипендиатлар ва Жамғарма томонидан жами 560 минг 700 АҚШ доллари, магистратура дастури бўйича 195 минг 600 АҚШ доллари, докторантура таълим дастурлари бўйича 60 минг АҚШ доллари миқдорида чегирмалар олинди.

Шунингдек, магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича 16 нафар Жамғарма стипендиатларини ўқиши тўлиқ грант асосида бўлиб, ўрта ҳисобда ҳар бир стипендиатдан 25 минг АҚШ долларидан жами 400 минг АҚШ доллари миқдорида давлат бюджетдан ажратилиши режалаштирилган маблағлар иқтисод қилинмоқда. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йилдаги 3 та танлов бўйича, малака ошириш ва стажировка ўташ дастури бўйича – 20 минг АҚШ доллари, бакалавриат таълим дастури бўйича – 910 минг 700 АҚШ доллари, магистратура таълим дастури бўйича 320 минг 200 АҚШ доллари, докторантура таълим дастури бўйича – 72 минг АҚШ доллари, тўлиқ грантлар олганлар бўйича – 500 минг АҚШ доллари, жами 1 миллион 822 минг 900 АҚШ доллари миқдорида чегирмалар олинган. 

Жамғарма томонидан бугунги кунда стипендиатларнинг хорижда таълим олиши билан боғлиқ қуйидаги харажатлари яъни ўқиш билан боғлиқ харажатлари, уларнинг яшаши билан боғлиқ харажатлари, таълим олиши, транспорт, виза, суғурта харажатлари давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлаб берилади. 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2022 йил учун энг нуфузли хорижий давлатларда бакалавриат таълим дастури учун 120 ўрин, магистратура таълим дастури учун 180 ўрин, докторантура таълим дастури учун 120 ўрин жами 420 ўринга мўлжалланган стипендиялар ажратилди.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, бўйича танлов эълон қилди. Жумладан, космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интеллект  соҳалари, атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа инновацион йўналишлари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология соҳалари, электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқлари, машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш йўналишлари шулар жумласидан.  

Шу билан бирга табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик каби аграр соҳанинг муҳим тармоқлари учун 420 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловларини эълон қилди.  

Яна бир янгилик, барча таълим дастурлари бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун камида 20 та ўрин ажратилиб, бундай ёшларимизга алоҳида эътибор қаратилади.  

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” лойиҳасида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш таклифи илгари сурилмоқда.  

Номзодларнинг ҳужжатлари 2022 йил 10 январдан – 10 февралга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.  

Саралаш босқичлари 2022 йил 10 февралдан – 10 мартга қадар давом этади. Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.  

Номзодлар учун барча зарур маълумотлар Жамғарманинг онлайн ҳужжат топшириш платформасида батафсил ёритиб берилган.  

Шаҳноза Маматуропова,   
ЎзА