Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди.
Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилган эди. Хорижий таълим муассасаларида мамлакатимиз учун мутахассислар тайёрлаш, хорижда яшаётган илмий салоҳиятга эга ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш унинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Бугунги кунда ушбу тузилма зиммасига юклатилган вазифаларни қанчалик уддаламоқда? ЎзА мухбиринингЖамғарма директори вазифасини бажарувчи Адҳам БЕКМУРОДОВ билан суҳбати шу ҳақида бўлди.
– Суҳбатимиз аввалида ўтган давр мобайнида “Эл-юрт умиди” жамғармаси, унинг фаолияти, амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берсангиз?
– Жамғарма мамлакатимизнинг жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Шу маънода кадрларни етакчи хорижий таълим муассасаларида тайёрлаш ишлари Жамғарма ташкил топган илк кунларданоқ фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган. Орадан қисқа вақт ўтганига қарамасдан маълум натижаларга эришдик.
Биргина мисол. 2018 йилда дунёнинг ривожланган 26 давлатидаги 74 та университет ва илмий марказлар билан ҳамкорликда 400 га яқин йигит-қизнинг магистратура ва докторантура таълим дастурларида, малака ошириш ва стажировка курсларида иштироки таъминланди. Улар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Испания, Жанубий Корея, Япония каби давлатлар нуфузли олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларида, жумладан, Кембриж, Оксфорд, Берн университетлари, Лондон Қироллик мактабида таҳсил олишмоқда.
Ўтган йилнинг декабрь ойида олий таълим тизими мутахассислари учун 600 ўринли стипендиялар танлови эълон қилинган эди. Айни кунларда 2,5 мингдан ортиқ номзод орасидан муносиб топилган 515 нафар мутахассис Жамғарма стипендияси сертификатини олиш арафасида турибди.
Бугунги кунда Жамғарма иккинчи стипендияси танловини ўтказиш бўйича барча вазирлик ва идораларнинг кадрларни хорижда ўқитишга бўлган эҳтиёжи ўрганилди. Унга кўра, давлат бошқаруви соҳасида 2 минг 102 та, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида 2 минг 29 та, фан ва илмий тадқиқотлар йўналишида 351 та ва соғлиқни сақлаш соҳасида 384 та эҳтиёж борлиги аниқланди. Шунга мувофиқ 2019 йилнинг 20 февралидан вазирлик ва идоралар ходимлари учун 400 кишига мўлжалланган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг навбатдаги стипендиялар танлови эълон қилинди.
Танловда иштирок этиш учун 1 минг 92 нафар номзод ариза топширган. Шундан 564 нафари 2-босқичга тавсия этилди. Ҳозирги кунда иккинчи босқичнинг 324 нафар қатнашчиси мутахассислик бўйича билимларини синовдан ўтказмоқда.
Жамғарманинг 2019 йилги навбатдаги стипендиялар танлови сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Унда олий таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этиши мумкин. Мазкур танлов учун 1 минг 300 дан ортиқ ўрин ажратилиши кўзда тутилган.
Фаолиятимиз бу билан чекланиб қолгани йўқ. Хорижий ташкилотлар, нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоладик. Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси билан эришган келишувга кўра, мамлакатимиз олий таълим муассасалари магистрантлари Германиянинг “SAP”, “Knauf”, “Siemens” каби етакчи ишлаб чиқариш корхоналарида стажировка ўташ имконига эга бўлишади. Стажировка дастури 2019 йил май-июнь ойларида бошланиши режалаштирилган. Шунингдек, Германиянинг “LOGO e.V” жамоатчилик иттифоқи билан имзоланган келишув ўзбекистонлик 30-50 магистрантнинг ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги ва туризм ташкилотларида 6 ойлик стажировка ўташлари учун имконият тақдим этди.
Шу кунларда Франциянинг "Campus France" давлат агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатиш арафасидамиз. Шу орқали агентлик ҳар йили 10 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз учун стипендия ажратади.
Эндиги мақсад Жанубий Кореянинг Тараққиёт институти билан яқин алоқаларни ўрнатишдан иборат. Жамғарма ушбу давлатнинг Сежонг университетида мамлакатимиз истиқболли кадрларининг 10 фоизлик чегирма асосида малакасини ошириш, ўзбекистонлик талабалар, докторантлар учун ажратилган квоталар сонини икки бараварга ошириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
– Жамғарма томонидан ёшларнинг хорижга жўнатилиши қандай мезонларга асосан амалга оширилади, саралаш ва баҳолаш жараёнларида шаффофлик, очиқлик қанчалик таъминланган?
– Танловларнинг саралаш босқичлари “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган танлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Бу Президентимизнинг 2018 йил 25 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган Низомда белгилаб қўйилган. Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси, “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер, Инҳа, Турин политехника университетлари, Сингапур Менежментни ривожлантириш институти олимлари, “Ўзингни англа” амалий-психологик хизмат маркази психологлари киритилган.
Танловнинг биринчи босқичи ташкилий жараёндан иборат. Бунда ҳужжатлар номзодларга қўйилган талаблар асосида қабул қилинади. Иккинчи босқичда номзодлар тил билиш даражалари бўйича тест синовларидан ўтказилади. Учинчи босқичда интеллектуал салоҳиятни аниқлайдиган IQ тестларини топширишади ва мутахассислик бўйича суҳбат ўтказилади.
Тўртинчи босқичда эса халқаро сертификатга эга бўлиш учун номзодлар тил билиш даражасидан имтиҳон топширади.
Жамғарма стипендиялар танлови вақтида биринчи босқичдагина иштирок этади. Шаффофликни таъминлаш мақсадида веб-камералар имтиҳон жараёнларини тасвирга олиши йўлга қўйилган. Номзод қўйилган баҳодан норозилик билдирса, ушбу тасвирлардаги ёзувлар таҳлили асосида қайта синовдан ўтиши мумкин.
– Хориждаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ишларга ҳам тўхталсангиз?
– Жамғарма қатор мутасадди вазирлик ва идоралар кўмагида хориждаги юқори малакали ватандошларнинг электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширди. Хориждаги 10 мингдан зиёд ватандошлар ҳақида маълумотларни ўзида жамлаши режалаштирилаётган реестр 2019 йилнинг 1 февралидан синов тариқасида ишга туширилди.
Ватандошлар электрон каталогини тўлдириб бориш мақсадида “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти экспертлар кенгаши билан яқин алоқалар ўрнатилган. Айни пайтда хориждаги ватандошларнинг жамоат ташкилотлари билан муносабатлари ўрганилмоқда.
Жамғарма ташаббуси билан UzBridge” ахборот-таҳлилий электрон журнали ташкил этилди. Бу чет элларда ўзининг профессионал меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар, илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшларнинг фикр ва қарашларини ўрганиш, уларни мамлакатимиз турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижаси билан таништириб бориш имконини беради. Мазкур электрон-журнал Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг 2019 йилги диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этиш учун тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилди.
– Хорижга турли таълим йўналишлари бўйича ўқишга юбориладиган ёшларнинг мамлакатимизга қайтиб келиб, ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини таъминлашга қаратилган механизмлар борми?
– Қайд этиш керак, танлов ғолибларини аниқлашда номзодларнинг ватанпарварлик туйғуси муҳим мезон ва ўлчов сифатида белгиланган. Шу боис номзодларнинг келгусидаги орзу-истаклари, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси танлов босқичлари чоғида психологлар томонидан баҳолаб борилади. Қолаверса, хорижда ўқишга боришга даъвогарлар ўзи фаолият юритаётган корхонадаги иш ўрнидан ажралмаган ҳолда, ташкилот томонидан берилган кафолат хати асосида ҳужжат топширади.
Жамғарма Низомида махсус банд киритилган. Унга кўра, магистратура ёки докторантура дастури бўйича хорижда таълим олган кадрлар эгаллаган мутахассислиги бўйича олий таълим ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларида 5 йил, малака ошириш ва стажировка дастури бўйича таҳсил олганлар эса 3 йилдан кам бўлмаган муддатда узлуксиз ишлаб бериши керак бўлади. Стипендиатнинг ўқиши учун сарфланган харажатлар 75 минг доллардан ошган тақдирда, бу муддат 7 йилгача узайтирилиши мумкин.
Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассаса талабалари сафидан чиқарилганда ёки таълим олиш муддати ниҳоясига етгандан сўнг белгиланган ташкилотларда меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади.
– Жамғарма мақсадларини тўлақонли амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар мавжудми?
– Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказилаётган танловларда иштирок этишни фаоллаштириш, ушбу масалага вазифа эмас, балки имконият сифатида қараш маданиятини шакллантириш лозим.
Вилоятларда учрашувлар, танловлар тарғиботини қилдик. Шунга қарамай айрим ҳудудларда мутахассислардан “ўйлаб кўрамиз” қабилидаги жавобларни эшитяпмиз. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: "Биз қайси даврда яшаяпмиз, давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратилсаю биз бундан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни ўйлаш мумкинми?
Бизни қийнаётган яна бир масала – бу номзодларнинг чет тилларини билиш даражасининг пастлиги. Биз дунё тажрибаси асосида мутахассислар тайёрлашни режа қилган эканмиз, аввало, чет тилларини пухта ўрганишимиз даркор.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистондаги Британия кенгаши ваколатхонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг 22 та олий таълим муассасаларида тил ўқитиш марказларини ташкил этиш ишларини бошладик.
– Суҳбат учун ташаккур!