Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эл-юрт тинчлиги учун жонини фидо қилган ўғлонлар ҳамиша барҳаёт
17:57 / 2023-03-29

Президент ташрифидан сўнг...

Отамлаб, онамлаб бўзламоқ – мерос. Лекин... Яратган ҳеч кимни боламлатмасин.

Шу бир гапдан сўнг онаизор бир муддат жим қолади. Суҳбатдошидан кўзини олиб қочади, ҳеч кимга сездирмай ютинишга уринади. Бу бир-икки сониялик сукутнинг юки бунчалар оғир бўлмаса?!

Онахон ўзини тутиб олади. У энди бутунлай бошқа аёлга айланди. Гапи дадил, нигоҳи мағрур.

Ватан ҳимояси, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган чегарачи, капитан Шокиржон Йигиталиевнинг онаси Одинахон ая билан суҳбатимиз шундай бошланди.

Давлат раҳбари иштирокидаги учрашувдаман. Касб тақозоси билан бу каби расмий тадбирларда кўп қатнашганман. Уларнинг ҳар бирини яхши эслайман, лекин бу сафаргиси бошқача бўлди.

Яқинда – 13 март куни Термиз шаҳрида Президентимиз мамлакат осойишталиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Мулоқот ўта самимий руҳда, расмиятчиликлардан холи бўлди.

Наманганлик она Одинахон Йигиталиева билан ўша учрашувдан сўнг суҳбатлашган эдик.

– Ватанига, халқига хизмат қилиш учун жонини фидо қилган фарзандим билан ҳамиша фахрланаман, – дейди у. – Ўғлимнинг меҳнати, жасорати унутилгани йўқ. Сафдошлари тез-тез йўқлаб туради. Вафотидан сўнг ўғлимнинг фарзандлари уй-жой билан таъминланди. Ўзи II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланди. Давлатимиз мана шундай оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётганидан хурсандмиз. Бу бўйича қилинаётган ишлар учун Ватан ҳимоячисининг онаси сифатида Президентимизга чин юракдан раҳмат дейиш ниятим бор эди. Шу имкониятга эга бўлганимдан мамнунман.

Юртнинг мустақиллигини асраш, сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш осон иш эмас. Халқимиз бу мусаффо осмон учун қанча синовларни бошдан ўтказди. Бу йўлда Ватан ўғлонлари – жасур ҳарбийларимиз ўзларининг нималарга қодирлигини кўрсатган. Бу курашда ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари орасида ҳалок бўлганлар ҳам борлигини афсус билан ёдга олиш инсоний бурчимиз.

Бундай ўғлонлар жасорати унутилмайди, уларнинг оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш давлатимиз эътиборида. Марҳум ҳарбий хизматчилар давлатнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланган. “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” деб номланган хотира китобида улар ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Беш йилдирки Президент қарори билан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари олий таълим муассасаларига имтиёзли тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинмоқда.

Дарҳақиқат, яқинда – 2023 йил 13 мартда “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони эълон қилинди. Бу ҳужжат Ватан учун жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда яна бир муҳим қадам бўлди.

– Фармонга мувофиқ, Қуролли кучлар таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар тузилди. Тегишли комиссиялар ташкил этилди, – дейди Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи полковник Отабек Йўлдошев. – Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар учун белгиланган имтиёз ҳамда кафолатлар татбиқ этилишини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланиши бошланди. Шунингдек, “Фахрийлар тўғрисида”ги, “Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга киришилди. Қаҳрамон ўғлонлар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш бўйича қилинаётган бу ишлар жуда муҳим аҳамиятга. Бу давлатимизда инсон қадри ва уни эъзозлаш асосий масала эканининг яққол ифодаси бўлди.

Вафот этган хизматчиларнинг оила аъзолари орасида уй-жой билан боғлиқ муаммоси борлар ҳам мавжуд. Уларнинг баъзилари ижарада, баъзилари қариндош-уруғлариникида истиқомат қилади. Энди, муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилиши, имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача маблағ берилади. Шунингдек, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.

Ҳужжатга ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг оила аъзолари оладиган пенсия миқдорининг оширилиши, уларнинг ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниши каби қатор имтиёзлар ҳақида ҳам тегишли бандлар киритилган.

– Отам ҳарбий учувчи эди. У 2000 йил жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлган, – дейди майор Анвар Ҳамроев. – Йигирма уч йилдирки оиламиз давлат эътиборида. Отам юрт тинчлиги йўлидаги меҳнатлари учун “Жасорат” медали, “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган. Ватан ўз қаҳрамонларини унутмаслигини, улар ёди ҳар доим қалбларда эканлигини кўриб улғайдим. Шунинг учун ота касбни танладим. Бундан фахрланаман, улардай мард ва жасур бўлиб, Ватанимизни ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга тайёрман.

Термиздаги учрашувда давлатимиз раҳбари эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларни “ҳалок бўлган” дейишга тил бормаслигини эслатди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаётлигини таъкидлади. Ватан учун жон фидо қилган ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ўтганлар ёди қалбларимизда ҳамиша сақланишининг ёрқин ифодаси саналади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири