Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эль-Ниньо феномени эҳтимоли 90 фоиз ортган
16:04 / 2023-07-08

Яқинда АҚШ экология-прогнозлаштириш миллий маркази 3 июлни сайёрамиз ҳарорати кузатуви тарихидаги энг иссиқ кун сифатида қайд этди. Метеорологлар таъкидлашича, кузатув бошланган 1979 йилдан буён бундай ҳолат юз бермаган. Ушбу рекорд ўрнатилиши сабабларидан бири “Эль-Ниньо” атамаси билан машҳур иқлим феномени экани айтилмоқда.

Эль-Ниньо Тинч океаннинг экватор қисми суви юза қатлами ҳарорати тебранишини билан боғлиқ ҳодиса. Куни кеча БМТ “Эль-Ниньо” табиат феномени намоён бўлиши эҳтимоли 90 фоиз ортгани ҳақида хабар тарқатди.  

Умуман, ҳозир олимлар ҳалокатли ёмғирлар, довуллар  мавсуми бошланиши ёки кучли тропик циклон келишини аниқ башорат қилиши мумкин, аммо Эль Ниньо қачон кузатилишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Кенг қамровли тадқиқотлар, узоқ муддатли кузатувларга қарамай, ушбу ҳалокатли табиат ҳодисаси ҳали тўлиқ ўрганилмаган.

Тинч океандаги экватор оқими исиши табиий ҳодисаси – Эль-Ниньо, деб аталадиган ҳодиса 2023 йилнинг иккинчи ярмида 90 фоиз эҳтимол билан етти йил ичида илк бор шаклланади. Ушбу прогноз сешанба куни Женевада БМТнинг ихтисослашган муассасаси – Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) томонидан маълум қилинди.

“Тинч океаннинг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта Эль-Ниньо  шароити юзага чиқди, бу юқори ҳарорат, ноқулай об-ҳаво ва иқлим учун замин яратади”, дейилади ЖМТ ҳисоботида. Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур феномен иккинчи ярим йилликда давом этиши эҳтимоли 90 фоиз. Мутахассислар ушбу ҳолат, ҳеч бўлмаганда, ўртача куч билан намоён бўлишига умид билдирмоқда.

Эль-Ниньо ўртача ҳар икки-етти йилда содир бўладиган, одатда 9-12 ой давом этадиган табиат ҳодисаси бўлиб, Тинч океаннинг марказий ва шарқий тропик ҳудудларида океан юзаси ҳарорати тебраниши, аниқроғи кўтарилиши билан боғлиқ.

Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан 3май куни эълон қилинган маърузада Эль-Ниньо 80 фоиз эҳтимол билан 2023 йил иккинчи ярмида Ла-Ниньяга тескари тарзда юз бериши мумкинлиги маълум қилинган эди.

Эль-Ниньо” бошланиши ҳарорат рекордини бузиш эҳтимолини сезиларли даражада оширади ва дунёнинг кўплаб минтақаларида, океанларда ҳаддан ташқари иссиқлик ҳосил қилади”, дейди ЖМТ бош котиби Петтери Таалас.

ЖМТ Эль-Ниньо яқинлашаётгани ҳақида хабар бериши дунё ҳукуматларини ҳушёрликка чорлайди, ушбу ҳодисанинг инсоният саломатлигига, иқтисодиётига, экология тизимига келтирадиган зарари олдини олиш учун тайёргарлик чора-тадбирларини кўриб қўйишга чақирувчи сигнал ҳисобланади. Зеро, ушбу йирик иқлим ҳодисаси билан боғлиқ экстремал об-ҳаво оқибатидан эрта огоҳлантириш ва шу йўлда фаол ҳаракат олиб бориш ҳаёт ва тирикчилик воситаларини сақлаб қолиш учун жуда муҳим, дейди профессор Таалас.

Эль-Ниньо испанча“ўғил бола”, Ла-Нинья эса “қиз бола” дегани.

Эль-Ниньо рўй берганда Тинч океаннинг экватор қисми одатдагидан 3 даража исийди. Ла Нинья эса шунга қарама-қарши жараён бўлиб, экватор қисмида ҳарорат одатдагидан совиши орқали намоён бўлади.

Аслида бу икки ҳодиса қарама-қарши таъсирга эга ва бир-бирини мувозанатлб туриши керак. Бинобарин, иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланиши, экология бузилиши туфайли сўнгги йилларда тез-тез бир ҳодиса иккинчисидан устунлик қила бошлади. Яъни, Эль Ниньо табиий равишда Ла Ниньяга ўрнини бўшатиб беради ёки аксинча.

Эль-Ниньо ҳодисаси одатда Жанубий Америка жанубида, Америка Қўшма Штатлари жанубида, Африка шохида ва Марказий Осиёда ёғингарчилик кўпайишига олиб келади.

“Шу билан бирга, мазкур табиий феномен Австралия, Индонезия, Жанубий Осиёнинг бир қисми, Марказий Америка ва Жанубий Америка шимолида кучли қурғоқчиликка сабаб бўлиши ҳам мумкин”, – дейди иқлимшунослар.

С.Раҳимов,

ЎзА