ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: оҳангаронлик томорқачи киви етиштирмоқда
Деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу кунларда томорқа эгалари ҳам барчага ўрнак бўлиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб бормоқда.
Деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу кунларда томорқа эгалари ҳам барчага ўрнак бўлиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб бормоқда.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги Хонобод маҳалласида томорқасидан унумли фойдаланиб, деҳқончиликнинг ҳадисини олган инсонлар кўп. Бундай кишиларнинг ҳовлисига кирсангиз, обод томорқаларини кўриб, баҳри-дилингиз очилади, кайфиятингиз кўтарилади.
Самижон Холиқулов ва Ортиқбой Эргашев ҳам ана шундай тадбиркор оила бошлиқларидан. Самижон ака томорқасини яшнатиб, қулупнайзор барпо этган бўлса, Ортиқбой аканинг хонадонидаги малина, қорағат ўсимликларини кўриб, кўзингиз қувнайди. Хонадон соҳибининг қизиқишини қарангки, бу ерда ҳатто киви дарахтини ҳам учратасиз.
– Ерга қанчалик яхши ишлов бериб, ундан юқори ҳосил олсак қўшимча даромадимиз ошади, – дейди Ортиқбой ака. – Биз ҳам томорқамизда оила эҳтиёжига керакли сабзавот маҳсулотларини экамиз. Шу билан бирга, томорқа янги ўсимликларни ўстириш учун тажриба майдони ҳам ҳисобланади. Ўзим тропик ўсимликларга қизиқаман. Мендан ўрнак олиб фарзандларим ҳам бўш вақтида шу ерда меҳнат қилмоқда.
Ҳозир мазкур маҳалладаги кўпгина хонадонларда томорқадан 3 маротабагача ҳосил олинмоқда.
Президентимиз 3 апрель куни ўтказган видеоселектор йиғилишида халққа мурожаат қилиб, коронавирус пандемияси юзага келтирган инқирозли шароитда тушкунликка тушмасдан барча ишларни олиб бориш, айниқса, томорқадан унумли фойдаланиш учун барча шароит мавжудлиги, бу катта даромад манбаи экани алоҳида таъкидланган эди.
Бу борада Оҳангарон туманида ҳам тегишли чора-тадбирлар йўлга қўйилиб, аҳолининг томорқага бўлган муносабати тубдан ўзгарганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Тумандаги 29 МФЙ ҳудудида 16 минг 656 томорқа ер эгаси мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги ер майдони 1198,8 гектарни ташкил этади. Ушбу майдоннинг 480 гектарига тўқсонбости экинлар экилган.
Айни пайтга келиб, эртанги экинларни экиш ишлари 93 фоизга бажарилган.
Ҳозирги кунда тумандаги томорқа ер эгаларига “Бирлик томорқа хизмати” ва “Сусам томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятлари амалий ёрдам кўрсатмоқда. Ушбу жамиятлар томорқа ер эгаларига шартнома асосида кўчатлар етказиб бермоқда. Иссиқхоналар барпо этишда кўмаклашмоқда. Шунингдек, мазкур МЧЖлар аҳоли томонидан етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш ишларини ҳам амалга оширади.