Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: Ниёзбошда қулупнай пишди
16:31 / 2020-04-09

Халқимизда “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, “Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади” каби нақллар бежиз айтилмаган.


Халқимизда “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, “Деҳқон бой бўлса, давлат бой бўлади” каби нақллар бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ер кони фойда, ундан унумли фойдаланган киши бой-бадавлат яшайди. Бунга ишнинг кўзини биладиган, миришкор деҳқон ва боғбонларимизни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 

Тошкент вилоятининг ери унумдор, иқлими мўътадил, сув масаласида муаммо йўқ. Шу боис, аҳоли томорқасида деярли барча ноз-неъматлар етиштирилади. Паркентнинг витаминларга бой узумлари ва картошкаси, Зангиотанинг қулупнайларини, Бўканинг мазали қовун-тарвузларини кўпчилик юртдошларимиз яхши билади. Янгийўл туманидаги Ниёзбош қишлоғи аҳолиси эса кўкатлар билан Россия Федерациясини ҳам таъминлаётгани барчага маълум. 

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин ҳолати жорий қилинганига қарамасдан, вилоятда жорий йилда ҳам баҳорги дала юмушлари, томорқада мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бир зумга ҳам сусайгани йўқ. Энг асосийси, мазкур ҳудудда ердан, хусусан, томорқадан фойдаланиш бўйича катта тажриба тўпланган. Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши билан ҳамкорликда мунтазам равишда фуқароларга зарур тавсия ва йўл-йўриқлар берилмоқда. Жорий йилда ҳам бундай тадбирлар давом эттирилиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, баҳорги экиш юмушларини ташкил этиш ва маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича қатор чоралар кўриляпти. 

photo_2020-04-09_16-18-27 (2).jpg

Томорқачиликдаги бой тажрибадан бу йил ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бугун иссиқхоналар билан бирга, дала шароитида ҳам сабзавот маҳсулотлари етиштириш қизғин паллага кирган. Бунга пойтахтимиз бозорларида сотилаётган помидор, бодринг, карам ва кўкатларни кўриб, ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Янгийўллик миришкорларнинг томорқасида қулупнай пишганига анча бўлди. Бозорларга кирган киши тўкинликни кўриб, шукрона айтиши шубҳасиз. Юртимиздаги бундай тўкинлик ва баракага кўз тегмасин. Тезроқ синовли кунлар ўтиб, яна тинч ва хотиржам кунларимиз қайтиб келсин. Ҳамманинг кўнглида шу гап. Катта-кичик дуода.

Тумандаги 66 маҳаллада яшовчи 34 минг 403 хонадоннинг томорқа майдонлари 2 минг 61 гектардан иборат. “Ниёзбош” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги томорқа ерлари эса 248 гектарни ташкил қилади.

– Бир неча йилдан буён оилам билан қулупнай етиштираман, – дейди Юксалиш маҳалласида яшовчи Ислом Исроилов. – Бу йил ҳам 40 сотих майдонда қулупнай парвариш қилдик. Ҳосилимиз пишганига бир неча кун бўлди. Янгийўл шаҳри ва пойтахтимиздаги бозорларга олиб чиқяпмиз. Савдо ёмон эмас. Даромади ҳам шунга яраша бўлади. Томорқадан йилига уч мартагача ҳосил оламиз.

photo_2020-04-09_16-18-30.jpg

Гулистон маҳалласида яшовчи Содиржон Муҳиддинов оиласи эса кўкат етиштириш билан шуғулланади. Бугун барча оила аъзолари шу юмуш билан машғул. Даромади ҳам яхшигина. Кўкатлар Россияга ҳам жўнатилади. Бўш вақти бўлса, барча томорқада меҳнат қилади. Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи Нуриддин Раҳимовлар оиласи гулчилик билан шуғулланади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Пойтахтимиз аҳолисини куз-қиш ойларида ҳам ёздаги каби сархил неъматлар билан таъминлашда вилоят аҳолисининг хизмати катта, албатта. Тажрибали деҳқон бир қарич ернинг ҳам қадрини яхши билади. У томорқасининг четини ҳам бўш қолдирмайди. Ёз мавсумида дала шароитида, қиш пайтида эса иссиқхона барпо этиб маҳсулот етиштиради. Айниқса, Зангиота, Тошкент, Қибрай, Янгийўл ва Паркент туманлари аҳолиси ердан фойдаланишнинг ҳадисини олган.