ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: кўп қаватли уй хонадонларида ҳам картошка етиштириш мумкин...
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида ҳовлида турадиган, томорқаси бор оилалар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида ҳовлида турадиган, томорқаси бор оилалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шундай хонадонларда томорқадан самарали фойдаланиш қандай йўлга қўйилаётганини билиш мақсадида туман ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари билан телефон орқали боғландик.
– Томорқаси бор аҳоли хонадонларига кириб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экишни тавсия қиляпмиз, – деди туман ҳокими ўринбосари Бобур Мирзаев. – Томорқасига эътиборсизлик билан қараган хонадон эгаларини огоҳлантиряпмиз. Аҳолида томорқага экиш учун уруғ, транспорт масалалари бўйича муаммо бўлса, туман ҳокимлиги ёрдам бермоқда.
Куни кеча туман ҳокимлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ Кўксарой маҳалласида бўлди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи А.Музаффаров хонадонига кирсангиз кўзингиз қувнайди. Томорқада бир қарич ер бўш турганини кўрмайсиз.
Отахон йигирма йилдан буён картошкани етиштиради. Тажрибали томорқачи деҳқон кўп қаватли хонадонларда ҳам картошка етиштириш мумкинлигини айтди.
– Аввало, яхши картошка уруғини олиб, уни ертўладаги сомон устига ёйиб қўяман. Яхши ниш чиқариши учун сув сепиб тураман. Сўнг қопга 70 фоиз чиринди ва 30 фоиз тупроқ солинади. Битта қопга жами 8 килограмм ўғит ва тупроқ жойланади. Қопнинг ўртасига битта картошка уруғини экамиз. Шундан сўнг қоплар қуёш нури яхши тушадиган жойга қўйилади. Картошка палаги пайдо бўлиб, 7 сантиметрча ўсгач, озгина учи қолдирилиб, яна устидан чириндили тупроқ солинади ва қоп четлари кўтарилади. Яна мўл-кўл сув қуйилади. Бу иш қопнинг то 3 дан 2 қисми тўлгунга қадар давом эттирилади. Умуман олганда, қопни бўғзигача ҳам тўлдириш мумкин. Тўқсон кундан кейин қопда унган картошкадан 2 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Биз картошка, пиёз, сабзини бозордан харид қилмаймиз. Ҳаммасини ўзимиз етиштирамиз.
Отахоннинг айтишича, ўтган йили 7 мингта қопга картошка экиб, 13 тонна ҳосил олган экан. Бу усул осон, қулай ва энг муҳими кичкина жойдан мўл ҳосил олиш имконини беради.
Миришкор жорий йилда 6 сотих томорқасидаги ерга 300 килограмм картошка уруғини эккан. 3 тонна ҳосил олишни режалаштирган. Яна бир маълумот, картошка чуқур экилса, пояси бақувват бўлиб ўсар экан. Аммо бунда картошка ҳосили кам ва майдароқ бўлади.
– Маҳалламиздаги 400 га яқин оила ўз томорқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиради, – дейди “Кўксарой” МФЙ раиси Рўзибой Муталов. – Тажриба сифатида асфальт устига картошка эккан тадбирли кишилар ҳам бор. Ерни тежаш мақсадида елим идишни кесиб, унумдор тупроқ тўлдириб шивит, пиёз, турли кўкатлар етиштириб, рўзғорини обод қилаётган оилаларни ҳам учратиш мумкин.