Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эл бошига иш тушганда ҳамма ўз ишини давом эттириши керак
14:40 / 2020-04-09

Бундай пайтда нима қилиш керак? Қандай йўл тутилса, элга далда бўлади?

Эл бошига иш тушди...

Бундай пайтда нима қилиш керак? Қандай йўл тутилса, элга далда бўлади? Карантин қоидаларга риоя қилишдан ташқари яна нима иш қилсак, оғиримиз тезроқ енгиллайди, дардимиз осонроқ арийди?..

Бу савол бугун нафақат ўлкамизда, балки бутун дунёда ҳар бир инсон қаршисида кўндаланг бўлиб урибди. У ёш бўладими ё кекса, аёлми эркак, ишлими ишсиз, соғми касал, тўғрими эгри, булардан қатъи назар, ҳаммадан ана шу саволга муносиб жавоб берилиши кутилмоқда. Натижа шунга боғлиқ!

Дунё олимларининг айтишича, инсоният ҳеч қачон бундай ҳолга тушмаган: ҳеч бир уруш, ҳеч бир юқумли касаллик ҳозиргидек деярли бутун ер шарини қамраб олмаган. Демак, дард – умуминсоний, умуммаконий. Шунинг учун ҳам, бир томондан, вирусга чалинган одамлар азият чекмоқдалар, ҳатто ҳаёт билан видолашмоқдалар, иккинчи томондан эса, кеча бир-бирига қурол ўқталиб, бир-бирининг пайини қирқмоқчи бўлиб юрган эски ёвлар (айрим истисноларни ҳисобга олмаганда) бугун бир-бирига дўстлик қўлини чўзиб, умумий ёвга қарши ўзаро ҳамкорликда курашмоқдалар ёки шундай қилишга мажбур бўлмоқдалар.

2020 йилда инсоният ана шундай ҳолни бошидан кечирмоқда...

photo_2020-04-09_14-33-33.jpg

Хўш, бундай пайтда биз нима қилишимиз керак? Уйга кириб кетишимиз билан зиммамизга вазият юклаган миссияни адо этган бўламизми?..

Кузатишимча, кўпчилик пандемия ваҳимаси билан овора бўлиб турган бир пайтда, мана шу саволнинг ўта муҳим ва долзарб эканлигини унутиб қўяётгандекмиз.

Хуллас, уйга кириб ўтириш билан вазифа якунланадими?

Йўқ!..

Уйда шунчаки кутиб ўтиришнинг ўзи етмайди.

Уйда қаттиқ ишлаш керак! Керак бўлса, икки ҳисса, уч ҳисса!

У қандай иш?

Шу кунгача нима иш билан машғул бўлган эсангиз, ана ўша иш! Ишнинг шакли ўзгариши мумкин, лекин моҳият-эътибори билан иш ўша иш бўлиши шарт!

Пандемик уруш бошланди, дея ҳамма ўз ишини ташлаб қўйса ёки уни ўзгартирса, эртага, дунё тинчигандан кейин бошқа бир урушга дуч келишимиз тайин. Бас, шунинг учун ҳам мен кеча нима иш қилган бўлсам, бугун ҳам ўша ишни давом эттиришим керак, деб ўйлайман.

Агар шундай қилмасам, эртага мамлакатда мих етишмай қолиши мумкин. Мих етишмаса эса...

Ривоят: уруш вақтида мих тақчил бўлиб, тақачи уста қўшин саркардасининг оти туёғига битта михни кам қоқибди. Жангга кирар экан, тақа тушиб, от қоқилибдию, устидан учиб кетган саркарда ерга қаттиқ йиқилиб жон таслим қилибди. Саркардасиз, бошсиз қолган қўшин эса, тумтарақай қочиб, юртни ёвга бой берибди. Қаранг, битта мих мамлакат тақдирини ҳал қилибди.

Қиссадан ҳисса шуки, кеча (коронавирусгача) тақачилик қилган инсон бугун ҳам тақачилик қилиши керак. Лекин бутунлай бошқа – юксак савияда! Агар тақа, тақачилик менсилмаса, қўшин, юрт, ҳаёт... такрор бой берилади.

Ҳаётий лавҳа: қишлоқда бир йил пиёз, бошқа йил саримсоқ, яна бошқа йили эса, картошкаю сабзи қиммат бўлар эди. Қизиғи, бу йил нима қиммат бўлса, келаси йили ҳамма ўшани экаман, дерди. Келаси йил, дейлик, кўпчилик картошка экиб, бозорлар картошкага тўлиб, ҳеч ким унга қиё боқиб қўймас, натижада картошка сувнинг баҳосига сотиларди. Қанчадан қанча деҳқонлар “кавлашу бозорга олиб бориш ҳаражатини ҳам қопламайди”, дея картошкани ернинг ўзида қолдирганларига гувоҳ бўлганман. Ёки ўрадаги сабзиларни ўраларда ириб кетишига ташлаб қўйишарди. Ундан кейинги йил эса, кўпчилик деҳқонлар бир йил аввал арзон бўлиб, хор бўлган ўша савил картошка ёки сабзини экмас, оқибатда унинг нархи осмонларга чиқарди...

Румий айтадики, бир олим денгизнинг у томонига ўтиш учун қайиққа чиқиб, йўлда қайиқчини гапга солиб: – “Навҳни (тил грамматикасини) биласанми?” – деб сўрабди. “Йўқ!” – деб жавоб берибди қайиқчи. “Унда умрингнинг ярми беҳуда кетибди...” – дебди олим. Сал ўтмай, денгизда шамол туриб, қайиқ ағдарила бошлабди. Шунда қайиқчи тилчи олимдан сўрабди: – “Сузишни биласанми?” “Йўқ!” – саросимага тушибди олим. “Унда бутун умринг зое кетибди...” – дебди хўрсиниб қайиқчи.

Эсланган бир ҳаётий лавҳаю бир ривоятдан хулоса шуки, халқимиз “бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак” деб топиб айтганидек, инсонга ҳам, жамиятга ҳам ҳамма нарса керак. Бугун дунёда рўй бериб турган мудҳиш пандемия туфайли соҳаларнинг баъзиларига эътибор бериб, бошқаларини менсимай, ўз ҳолига ташлаб қўйиш ўта хатарли оқибатларга олиб келиши муқаррар. Отдан йиқилган саркарданинг, сувга ғарқ бўлган олимнинг, сабзию картошкасини ўраларда чиритган деҳқон ҳолига тушмаслик учун ҳам керак бу иш!

Хўш, мен буларни нима учун айтяпман?.. Шунинг учунки, бугун жаҳон ОАВ ни, интернет саҳифларини кузата туриб, кўнглимда бир хавотир туғилмоқда. Хавотирки, энди дунё миқёсида асосий капитал биология, химия, генетика, медицина, унинг вирусология, фармацевтика каби турли-туман шохобчалари ва бошқа ўхшаш соҳаларга ажратилиб, қолган тармоқлар эътибордан тушиши мумкин. Агар шундай қилинса, бугунги хато йиллар ўтиб яна такрорланади. Ахир, коронавирус пандемияси шуни кўрсатдики, инсоният космосга чиқиб, ўзга сайёраларни тадқиқ этишу бир-бирига хавф солиш учун бомбаю ракеталарга сарфлашга миллиард-миллиард маблағни топибдию лекин медицинаси битта бегона вирусни ўз вақтида жиловлай олмайдиган даражада қолоқлигича қолаверибди-да!.. Бас, шундай экан, инсоният ҳамма соҳаларни назардан четда қолдирмай баравар олиб бориши керак бўлади. Зеро, кейинги гал ҳужум қайси томондан бўлишини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, ер шари томон яшин тезлигида баҳайбат бир астероид учиб келаётгандир. Уни юксак даражада ривож топган вирусология соҳасининг энг сўнгги ютуқлари билан тўхтатиб бўлмайди. Бу борада сузишни билмаган олимнинг аянчли ҳолига тушиб қолишимиз ҳеч гапмас. Шуларни ҳаммасини ҳисобга олиб, жамиятдаги барча соҳаларни ривожлантириш умуминсоний ва умумзамоний манфаатга мувофиқ келади, дегим келади.

Эсимда, талаба бўлиш орзусига чўмиб, поездда Тошкентга келаётган эдим. Кечаси “пласкарта вагон”нинг иккинчи қаватдаги ўз жойимга чиқиб, тошдек қотиб ухлаб қолибман. Эрталаб поезд манзилга келиб, пишқирди. Жанубий вокзалдан автобусга ўтириб, Олой бозори ёнида тушишим, кейин у ердан СамПи даги ижара уйга келишим керак эди. Йўл анча... Йўлҳақини олдиндан тайёрлаб қўяй деб, иккита тугма билан қадалган кўкрак чўнтагимга қўл тиқсам, пул йўқ!.. Унисига бармоқ урдим: қуп-қуруқ. Шимимни, сумкамни қарадим – бўм-бўш... Шунда пулни киссавурларга олдириб қўйганимни тушундим. Бориб контукторга ҳолимни айтсам, аччиғи чиқиб турган эканми, мени ҳақорат қилиб автобусдан тушириб юборди. У пайт анча ғўрман денг, муносиб жавоб беришни ҳам эплолмадим. Роса алам қилган лекин. Чилонзорнинг бир четидан одамлардан йўл сўрай-сўрай салкам 15-20 кмлик йўлни яёв босиб, кеч тушгандагина ижарали уйга кириб келганман. Ўшанда биласизми, нимани ўйлаганман: изқувар бўлишни! Яъни прокурор ёки ҳакам бўлиб, мени тунаган ўғриларга ўхшаган жамият “шоқол”ларини топиб жазолаш ўтида ёнганман. Лекин эрталабгача бу ёниш пасайган ва мен ўзим болаликдан орзу қилган университетга ҳужжат топширганман. Агар ўша кайфият, ўша ёниш таъсирида ҳужжатларимни ҳуқуқ йўналишига топширганимда нима бўларди? Яна битта ноқобил, ўз ишини севмайдиган бахтсиз мутахасис пайдо бўлиб, ўзигаю ўзгаларга зарар келтириб яшарди.

Шунинг учун ҳам ҳамма ўз ишини, ўзи севган, ўзи билган ишини адо этишда давом этиши керак. Пандемия таъсирига берилиб, айрим соҳаларни ривожлантириш учун кенг имкон яратиш, бошқаларини ўз ҳолига ташлаб қўйиш ёки бутунлай йўқотиб юбориш вақтлар ўтиб бошқа соҳанинг “пандемияси”ни келтириб чиқариши муқаррар. Нима учун коронавирус Италияни бундай аянчли ҳолга солди? Кўплаб сабабларидан бири дея, йигирма йилдан бери Италия медицинасида фаолият юритаётган бир рус врачининг “Евронюс” каналида ёниб-куйиб айтишича, мамлакат медицинасида эпидемияолигия йўналиши йўқ экан. Демак, мамлакат кенг кўламдаги эпидемияга тайёр бўлмаган.

Айтилганлардан хулоса шуки, жамиятнинг ҳар қандай экстримал ҳолатларга тайёр бўлиши учун барча соҳаларга эътибор бериб, юксак малакали мутахасис кадрларни доимо етиштириб бориш лозим бўлади.

Бугун биз Ўзбекистонда ҳам, жаҳонда ҳам коронавирусга қарши халқ ва давлат бир бўлиб, ҳамжиҳатликда курашаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Умид қиламизки, бу кураш тез орада ўз натижасини бериб, дард юртимиз ва дунё бошидан арийди. Бунинг учун эса, бизнинг ҳаммамиз – ким иш ўрнида, ким уйда қолиб, – ўз вазифамизни сидқи дилдан, юксак савияда бажаришда давом этаверишимиз керак.

2020 йил 5-9-апрель

Улуғбек Ҳамдам