Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эл бошига иш тушганда
17:15 / 2020-04-19

Сайёрамизга чанг солган кўзга кўринмас офат ер юзида озиқ-овқат хавфсизлигини жаҳон ҳамжамиятининг долзарб масалаларидан бирига айлантирмоқда.


Ер хазина, томорқа бебаҳо бойлик...

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таълим олаётган сурхондарёлик талаба-ёшлар карантин талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўз уйларида онлайн дарс қилиб, бўш вақтларида оилаларининг томорқа юмушларига яқиндан кўмаклашмоқда.

Сайёрамизга чанг солган кўзга кўринмас офат ер юзида озиқ-овқат хавфсизлигини жаҳон ҳамжамиятининг долзарб масалаларидан бирига айлантирмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бизнинг мамлакатимизда бу муаммони ҳал этиш учун ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиб, турли озиқ-овқат экинлари парваришлашга эътибор янада кучайтирилаётир.

Президентимиз жорий йилнинг 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда атрофлича сўз юритиб, халқимизни ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга чақирди.

Бу чақириқни ўзлари учун дастуриламал сифатида қабул қилган Ёшлар иттифоқи Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти бошланғич ташкилоти талабалар кенгаши мамлакатимиз ўғил-қизларига мурожаат этиб, уларни онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштириш, билимини ошириш ва карантин қоидаларига қатьий амал қилган ҳолда оилалари томорқасида турли озиқ-овқат зироатлари етиштиришга кўмаклашишга ундади. Юртимизда муҳим шиорга айланган “Ер хазина, ¬томорқа бебаҳо бойлик” тадбирларида фаол иштирок этишга даъват этди.

Айни пайтда мазкур олий таълим муассасаси талабалари бу борада ўз тенгдошларига ибрат бўлиш учун вақтдан унумли фойдаланган ҳолда томорқа экинларини экиш ва парваришлашда бошқаларга ибрат бўлмоқда. Ёшлик шижоати билан дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлаш учун муносиб ҳисса қўшишга интилаётир.

Узун туманидаги Янгирўзғор маҳалласида улғайган Хосиятхон Абдуллаева Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олмоқда. Эл бошига иш тушган шу кунларда барча талаба-ёшлар сингари Хосиятхон ҳам ўз уйида фанларни онлайн ўзлаштириб, мустақил дарс қилаётир. Устозлар берган вазифаларни вақтида бажармоқда. Шунингдек, бўш пайтларида мўъжазгина томорқада меҳнат қилиб, оила аъзоларига яқиндан ёрдам бермоқда.

- Инсониятни жиддий синовдан ўтказаётган ҳозирги шароитда бу меҳнатимиз билан биз оиламиз тўкинлиги, элимиз маъмурчилигини, мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз, — дейди талаба Х. Абдуллаева. — Масофадан туриб, ўқишдан бўш вақтимда томорқамизга ёнғоқ кўчати экдим. Ўз қўлларимиз билан қадаган помидор, аччиқ ва булғор қалампири, бодринг, ошқовоқ сингари озиқ-овқат экинлари яхши ривожланяпти. Ҳа, демай пишиб қолади. Шу кунларда тагига ишлов беришда уйдагиларга яқиндан кўмаклашяпман. Дарсдан бўш пайтларда амалга ошираётган бу ишим билан маънан дам олиб, жисмонан чиниқаяпман. Дастурхонимиз ободлигини таъминлаш ва оилавий бюджетимизга қўшимча даромад келтиришга ҳисса қўшаяпман.

Шеробод туманидаги Нобур маҳалласида яшайдиган Жаҳонгир Саидаҳмедов институтнинг бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишида таҳсил олаётир. Жорий йилда ўқув даргоҳини тугатгач, ўқишни магистратурада давом эттиришни мўлжалламоқда. Мамлакатимизда карантин жорий этилган айни кунларда масофадан туриб, ўқишни давом эттираётган Жаҳонгир кундалик дарсларни бажариб бўлгач, томорқа ишларида ота-онаси ва укасига яқиндан кўмаклашаяпти.

—Институтимиз талабалар кенгаши юртимиз ёшларига, тенгдошларимизга мурожаат этиб, томорқа юмушларида оила аъзоларига ёрдам бериш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда ибрат бўлишга чақирди, — ¬дейди Ж.Саидаҳмедов.— ¬Ўқув муассасамизнинг бу ташаббусини биз, талабалар биринчилардан бўлиб, қўллаб-қувватлашга киришдик. Ҳозир қишлоқда яшаётган тенгдошларимнинг барчаси онлайн дарсдан холи вақтини томорқасида ўтказмоқда. Бу жараёнда бир-биримиз билан қўнғироқлашиб, ўзаро тажриба ҳам алмашаяпмиз. Томорқамизда отам, онам, укам меҳнат қилаётган эди. Карантин туфайли бу йил мен ҳам уларнинг сафига келиб қўшилдим.

40 туп анорзоримиз бор. Унинг ҳосили кўзга ташланиб қолди. Уйга келгач, отам, укам ва мен маслаҳатлашиб, яна 150 туп анор кўчати экдик. Баҳор яхши келди. Шунга яраша ҳосил ҳам мўл бўлишига умид қилиб, анорзорлар тагига қайта ишлов беришга ёрдам бераяпман. Томорқамизнинг бир четида ўзимиз учун помидор, бодринг, пиёз, турли кўкатлар етиштираяпмиз. Бу меҳнатларимиз билан биз, ёшлар дунёда юзага келаётган озиқ-овқат тақчиллигини юмшатишга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Чунки, ҳар бир киши томорқасидан оқилона фойдаланиб, ноз-неъмат етиштирса, бир қисмини ўзлари истеъмол қилади. Қолгани бозорга чиқарилиб, қўшимча даромад олади. Ана шунда фермерлар парваришлаётган турли зироатлар тўлиқ четга жўнатилади. Бундан хорижликлар баҳраманд бўлиб, мамлакатимизга қўшимча даромад келади.

Таълим даргоҳида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам етарли билим олаётган Жаҳонгир Саидаҳмедов томорқада бажараётган юмушлари ва режалари ҳақида фахр билан гапириб, қишлоққа келгач, тўрт сотих ерда мўъжазгина иссиқхона қуриш, помидор, бодринг етиштиришни йўлга қўйиш ғояси пайдо бўлганини айтиб қолди. Анор кўчатлари қатор орасига турли ноз-неъматлар парваришлаб, қўшимча даромад олишни кўзда тутаётганини таъкидлади.

Ҳа, жаннатмонанд юртимизда ер хазина, ¬томорқа бебаҳо бойлик манбаидир. Эл бошига иш тушган бу йилги шароитда ана шу хазинани янада кўпайтиришда талаба-ёшларнинг фаоллик кўрсатаётгани, деҳқончилик бўйича кўникмаларини мустаҳкамлаётгани қувонарлидир.