Эл бошига иш тушганда
Томорқа хазина деб бежиз айтилмаган.
Томорқа хазина деб бежиз айтилмаган. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, айниқса, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалардан унумли фойдаланиш айни дамдаги энг муҳим вазифа.
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов Жиғачи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кесимида ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, сув таьминотини инобатга олган ҳолда, ”Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ҳудуддаги хонадонларда бўлиб, аҳоли томорқаларидаги ҳолатни мутасаддилар билан жойида таҳлил этди ҳамда деҳқончиликдаги тажрибалари билан ўртоқлашди.
– Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат, – дейди ҳудуддаги фуқаро Акмал Жумаев. – Унинг ҳар дақиқасидан самарали фойдаланиш лозим. Халқимиз “Эрта эккан хирмон, кечикканлар армон қилур”, деб бежиз айтмайди. Қоракўл тумани “Агро пилла” ташкилотига қарашли тут плантациялар орасига ҳар йили чорва озуқаси экардик ва картошка, пиёзни эса бозордан таширдик. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан.

Давлат раҳбарининг мазкур масаладаги селекторларини эшитиб, бу йил бошқача йўл тутдик. Натижада ушбу тут кўчатлари орасига карам ва картошка экиб тайёр ҳолга келтирдик. Карантин пайтида халқимизга етказиб бериш ва бозорларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллигига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз. Насиб қилса, томорқадан ўн-ўн беш ҳисса кўп қўшимча даромад оламиз. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз янада баракали бўлади.
Шу ўринда томорқадан олинаётган даромад ҳам оила бюджетининг салмоқли қисмини ташкил қилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Чунки кўплаб хонадонларда мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш билан чегараланиб қолмасдан, етиштирилган маҳсулотнинг ортиқча қисмини сотиш асосида қўшимча даромад олишга эришилмоқда.
– Туманимиз бўйича аҳоли ихтиёрида экин экса бўладиган 4438 гектар ер майдони мавжуд, – дейди Қоракўл тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Норбой Очилов. – Ўтган йилда ҳудудимизда томорқасидан унумли фойдаланмаётган фуқаролар ҳам бор эди, жорий йилда тушунтириш ишлари, моддий кўмак ва жамоатчилик назорати туфайли бундай оилалар сони камайди. Қувонарлиси, шу оилаларнинг барчаси томорқадан унумли фойдаланиш эвазига кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилди.

Жиғачи МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Аброр Жалилов ўз томорқасидан яхшигина даромад олиб, эл дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётган миришкорлардан. Хонадоннинг 10 сотих ерида 1 метр баландликдаги кичик иссиқхоналар ташкил этган. Томорқада эрта баҳорда кўкат, сабзавот, гулкарам етиштирмоқда. Етиштирган сабзавотлари харидоргир бўлиб, бозорда харидорлари бисёр. Қувонарлиси, оила аъзоларининг мана шу томорқа орқасидан бандлиги таъминланган.
Шунингдек, туман раҳбари ҳудуддаги Қодирқули Имомов ва Умид Фаттуллаевлар хонадонидаги ерда ва иссиқхона шароитида картошка, тарвуз, помидор ва ҳандалак каби сабзавот ва полиз экинларининг экилганлигини кўздан кечирди. Мазкур хонадонлардаги ишларни қолган маҳалладошларга ҳам оммалаштириш бўйича кўрсатма берди.