ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
Бухорода бу йил 40 минг қути ипак қурти уруғлари парваришланади.
Бухорода ипак қурти уруғлари плёнка усулида боқилади
Бухорода бу йил 40 минг қути ипак қурти уруғлари парваришланади. 2200 тоннадан ортиқ саноат хомашёси олинади. Шу мақсадда 1 минг 913 та фермер хўжаликлари билан 21 минг 25 қути ёки 1 минг 156 тоннага, 13 минг 533 та касаначилар билан 18 минг 978 қути ёки 1044 тоннага контрактация шартномалари имзоланган.
Вилоятнинг Ғиждувон тумани “Зарафшон“ маҳалла фуқаролар йиғинида бухороликларнинг дастлабки қишлоқ хўжалиги ҳосили учун ипак қурти парвариши бошланди. Шу муносабат билан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов бошчилигидаги мутасаддилар тумандаги пиллани қабул қилиш масканида бўлдилар.
Бу ерда уй шароитида пилла етиштириш билан шуғулланиш истагида бўлган 500 нафардан ортиқ касаначи ва пиллачилик звеноларига 6 минг 405 қути ипак қурти тарқатилди. Юртимизда кечаётган коронавирус пандемияси сабабли “Бухоро Бриллиант Силк” қўшма корхонаси ташаббуси билан ҳудудларда ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадлари барқарорлигини сақлаш мақсадида тарқатиладиган ипак қурти ҳар йилги режадагидан 55 фоизга оширилди.
Корхона томонидан яратилган яна бир қулайликлардан бири — бир қути қурт боқишга киришган ташаббускорга 50 килограмм ун, 10 килограмм ўсимлик ёғи, 10 килограмм картошка, 2 килограм гўшт ва чой маҳсулотлари берилди. Бу йил Ғиждувон туманида 7 минг 535 қути ипак қурти уруғлари парваришланади. Натижада 414 тоннадан ортиқ “кумуш тола” етиштириш режалаштирилмоқда. Бунинг учун 223 та фермер хўжаликлари билан 6 минг 636 қути ёки 365 тонннага, ҳамда 442 нафар касаначилар билан 900 қути ёки 49,5 тоннага белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланган. Шунингдек, ипак қурти уруғларини парваришлаш, озуқа базаси учун муҳим бўлган тут ниҳоллари ҳосилдорлигини ошириш борасида хам амалий иш олиб борилмоқда.
– Ипак қурти уруғлари плёнка усулида боқилади, – дейди “Бухороагропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Бешим Очилов. – Бу усул ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. Аввало, озуқа базаси тежалади. Ипак қурти уруғлари ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Натижада ҳосилдорлик ортади, ипакчинлик миқдори юқори бўлади.