French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эл ардоғида бўлган фахрийларга Президент совғаси топширилмоқда
13:41 / 2021-05-05

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган нуронийлар хонадонимизнинг файзи, таянч тоғларимиз, устунларимиздир. Халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган улкан ҳиссаси бизга фахр-ифтихор бағишлайди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларининг бардавомлигини таъминлаш, бугун сафларимизда турган уруш қатнашчиларини эъзозлаш қон-қонимизга сингиб кетган эзгу фазилатлардан. Бинобарин, Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ҳам ана шундай инсонпарварлик ғоялари мужассам.

Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида Фарғона вилоятида ҳам уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари, байрам совғалари тантанали равишда топширилмоқда.  

Фарғона вилояти Қува туманидаги Қайирма қишлоғида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эргаш ота Тошбоев хонадони бугун меҳмонлар билан янада гавжум. Вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари вакиллари мазкур хонадонда бўлиб, отахонга иззат-икром кўрсатди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва пул мукофоти, эсдалик совғаларини топширди.  

[gallery-2287]

Эргаш ота 1942 йил май ойида урушга кетиб, Польша, Милавица, Украина ва Белоруссияда жанг қилган. Урушдан сўнг савдо соҳасида ишлаб, умр бўйи одамларга яхшилик қилишни ўзининг бурчи, деб билди. У қаерда ишламасин, аввало, ҳалол бўлишга интилди. Қалби пок одамнинг доимо йўли очиқ ва равон бўлишига ишониб яшади. 8 нафар фарзандни тарбиялаб, уйли-жойли қилди. Бугун эса дуогўй бўлиб, невара эваралар бағрида умргузаронлик қилмоқда.

– Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Эргаш ота. – Бизни эъзозлаганлар ҳеч қачон кам бўлмасин.

Тошлоқ туманидаги “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи уруш қатнашчиси Рустам ота Акбаров нафақат қишлоқдошлари, балки туман аҳлининг ҳам фахри. 95 ёшли отахонни зиёрат қилувчи, унинг дуосини олувчиларнинг қадами узилмайди.

Рустам отага ҳам Президент табриги етказилди ва совғалар берилди.

Отахон урушга кетганида эндигина 18 ёшга тўлган эди, унинг ширин орзуларини уруш деган бало тупроққа қорилди. Рустам ота урушнинг кулфат ва мусибатларини ёдга олганида, чуқур хўрсинади. Кўпчилик дўстларининг шу кунларга етолмаганидан афсус-надоматлар чекади, куйинади. Яратганга шукрки, онаси ва яқинларининг қилган дуолари ижобат бўлиб, у ажалнинг домидан соғ-омон Ватанига қайтди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб, ҳурмат-эътибор топди. Отахон полиз маҳсулотлари етиштиришнинг миришкори. Айни кунларда томорқасида қовун экиб, парваришламоқда. У 1994 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган. Бугунги дориламон кунларда, фароғатда ҳаёт кечираётган Рустам ота Акбаров тинчлик деган улуғ неъматнинг қадрига етмоқликни дастурхон атрофида фарзандларига, уни йўқлаб келганларга такрор-такрор уқтиради.

Шаҳар ва туманларда ана шундай тадбирлар давом этаётган бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ногиронлари ҳамда юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ўғлонларнинг оилаларига эҳтиром кўрсатилмоқда.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров(сурат) ЎзА