Куни кеча Эквадор етакчиси Даниэль Нобоа кортежини юзлаб одамлар ўраб олиб, тош ва ғишт отган, шунингдек, ўқотар қуроллардан фойдаланган. “Reuters” ахборот агентлиги ёзишича, воқеа ўлканинг Каньяр провинциясида юз берган.
Мамлакат атроф-муҳит ва энергетика вазири Инес Манзано президентга суиқасд уюштирилгани ҳақида расмий баёнот берди. Шунингдек, у ҳужум пайтида давлат раҳбари жабрланмагани ва тошбўрондан сўнг беш киши ҳибсга олинганини маълум қилди.
– Кортеж олдида тахминан 500 киши пайдо бўлиб, унга тошлар отишди, -деди Манзано. – Бундан ташқари, президент автомобилида ўқ излари аниқ кўриниб турибди.

Президент маъмурияти ҳибсга олинганлар терроризм ва суиқасдга уринишда айбланиб, суд қилинишини билдирди.
Ҳужум содир бўлган жойдан тахминан 77 километр жанубда жойлашган Куэнкадаги талабалар тадбирида сўзга чиққан Нобоа мамлакатда бундай хатти-ҳаракатларга асло йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
– Эквадорда бундай ҳужумлар қаттиқ қораланади ва суиқасдга уринган шахслар қонун олдида жавоб беради, -деди у. – Президентнинг машинасига ўқ узиш ва тош отиш – давлат мулкига зарар етказиш дегани. Бу катта жиноят.

Хабарларда таъкидланишича, ҳозирда Эквадорда дизел ёқилғиси нархининг оширилишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда ва бу норозиликлар турли тўқнашувларга сабаб бўлмоқда.
Нобоа сентябрь ойи ўрталарида ёқилғи бўйича субсидияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади ва унинг ҳукумати тартибни сақлаш учун бир қанча ҳудудларда фавқулодда чоралар эълон қилди.

Мудофаа вазири Жан Карло Лоффредо ижтимоий тармоқда 37 ёшли Нобоанинг шикастланган автомобили олдида кўзойнак тақиб турган суратини эълон қилиб, “Бу президентни ҳеч нарса тўхтата олмайди”, деди.
Ҳужум баъзи хорижий давлатлар, жумладан, Коста-Рика, Гондурас ва Панама томонидан қораланди.
Ў.Алимов, ЎзА