Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экстремизмга қарши курашишда халқаро тажриба: жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда
19:42 / 2023-06-05

Сўнгги йилларда терроризмга қарши кураш халқаро муносабатларнинг энг муҳим масалаларидан бири сифатида гавдаланмоқда. Бу ҳолат Афғонистон, Сурия, Ироқ ва Покистонда давом этаётган можаролар билан қисман боғлиқ бўлиб, ўз навбатида давлатлар томонидан терроризмга қарши кураш борасида ҳарбий ёки “қаттиқ” ёндашувларни жавоб сифатида қўлланилишига олиб келади. Айрим ҳолларда зўравон экстремизмга жавобан давлатлар ва фуқаролик жамияти томонидан профилактик ёки юмшоқроқ чора-тадбирлар татбиқ этилиши ҳам учраб туради, аксарият вазиятларда бундай ёндашув ҳарбий чоралардан кўра кўпроқ самара бериши эътироф этилган. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, бу борада жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шахслар ва гуруҳларни осойишталик билан зўравон экстремизмдан халос қилишга қаратилган “Радикалсизлантириш” дастурлари сўнгги йилларда катта шуҳрат қозониб, унинг қўлланилиш кўлами ҳам ортиб борди. Гарчи бу дастурларнинг моҳияти бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштирувчи умумий мавзу ва муаммолари мавжуд. Масалан, айрим дастурларда асосий урғу терроризм билан айбланган маҳбуслар, жиноятчилар ва афв этилишини сўраб чиққан экстремистларга қаратилса, бошқа дастурларда марказий ўринни экстремистик дунёқарашдан воз кечиш ва жамиятга қайта реабилитация қилиш, иш ўринлари билан таъминлаш ва касбий билим олишларига кўмаклашиш эгаллаган.

Маълумки, бугунги кунда зўравон экстремизмга қарши кураш муаммоси нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё учун долзарб масалалардан бирига айланди. Чунки жамият ва замонавий дунё тараққиётини таъминлаш учун радикализмга, зўравонликка, экстремизмга қарши курашиш йўли билангина эришиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бу борада турли давлатларнинг ўзига хос услублари, ҳаётий тажрибалари мавжуд бўлиб, қуйида шундай тажрибалар билан ўртоқлашамиз. 

САУДИЯ АРАБИСТОНИ...

Радикализмга қарши курашаётган шундай давлатлардан бири – Саудия Арабистони. Арабистон ярим оролида жойлашган ушбу мамлакат гарчи Ислом динининг маркази, жамиятнинг бирмунча консервативлиги билан ажралиб турса-да, радикализмга қарши курашиш бўйича жуда катта тажрибага эгалиги билан ҳам алоҳида эътиборга молик давлат ҳисобланади. Саудия Арабистони терроризмга қарши кураш борасида жуда мукаммал дастурларни ишлаб чиқиб, бутун жамиятни қамраб олувчи усуллар билан омма онгидан экстремистик кайфиятни йўқ қила олди. Саудиянинг бу борадаги хатти-ҳаракатлари икки босқичли бўлиб, у расман 2005 йилдан бошлаб ишга туширилди. Аввалига шубҳали террорчиларни қамоққа олиш билан бошланди. Бироқ, фақат бу ҳаракатлар билан чегараланиб қолинмади. Қамоқдаги шахслар билан тезда мулоқот ўрнатилиб, радикаллашувнинг асосий сабаблари ўрганилди ҳамда уларнинг Ислом дини бўйича тушунчалари таҳлил қилинди. Ишлар асосан уч хил кесимда ташкил қилинди: диний, руҳий ва маданий. 

Дастур қатнашчиларига ижтимоий тадбирларда, айниқса оилавий йиғинлар ва спорт тадбирларида қатнашишга рухсат берилди. Лекин, шу билан бирга, асосий эътибор уларнинг Ислом ҳақидаги “тушунчалари ва билимларига” қаратилди. Саудия дастурининг яна ўзига хос жиҳати шунда эдики, давлат томонидан берилган молиявий ёрдам эвазига дастур қатнашчиларига оила қуриш ва таълим олишлари рағбатлантирилди. Афв сўраб мурожаат қилган собиқ экстремистлар иш билан таъминланиб, уларни жамиятга қайтадан қўшиш бўйича амалий чоралар кўрилди. Бундан ташқари, дастур қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига даволаниш ва соғлиқни тиклаш бўйича молиявий ёрдам ва нафақалар ажратилди. 

Саудия ҳукумати томонидан олиб борилган бундай дастурлар экстремистлар сонини кескин камайтирган бўлишига қарамай, айрим муаммолар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда радикал кучлар томонидан интернет тармоғидан ғояларини кенгроқ тарқатиш ва шу йўл билан ўз тарафдорлари сонини орттиришга бўлган уринишларининг ортиб бориши шароитида Саудия ҳукуматини жамият ва ундаги ёшлар қатлами радикаллашувининг олдини олиш борасида профилактик чораларни кучайтиришга ундамоқда. Саудия расмийларининг маълумотларига кўра, 1998 йилда 15 та экстремистик веб-саҳифа мавжуд бўлган, ҳозирги кунда бир неча минг веб-саҳифалар ишлаб турибди. Уларнинг аксарияти ўз серверларини Саудия Арабистонидан ташқарида, жумладан АҚШ, Европа, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларида жойлаштирган. 

ТУРКИЯ...

Зўравон экстремизмга қарши кураш борасида катта тажрибага эга бўлган, технологик жиҳатдан тобора тараққий этиб бораётган яна бир давлат – Туркия Республикаси бўлиб, мамлакатда радикал кучларга қарши курашиш билан боғлиқ жуда залворли тарих мавжуд. Бугунги Туркия радикализмга қарши курашишнинг ёрқин мисоли сифатида ҳам қайд этилади. Деярли 85 миллионлик аҳолига эга Туркияда 98 фоиз кишилар Ислом динига эътиқод қилишади. 

Туркияда деярли 20 йил давомида мўътадил исломий, шунингдек, асосий мафкураси “консерватив демократия” бўлган Адолат ва тараққиёт партияси ҳукмронлик қилаётган бўлса-да, мамлакат радикаллашувга ва зўравонликка самарали қаршилик кўрсата олмоқда. Бунинг асосий сабаби сифатида биз Ислом ва дунёвийлик ўртасида шаклланган мувозанатли муносабатни келтиришимиз мумкин. Мамлакатда турли сиёсий қарашларнинг мавжудлиги, ҳам диний ва ҳам дунёвийликнинг ўзаро “тил топишиши” билан боғлиқ жараёнлар тарихига деярли 100 йил бўлди.

Ўз вақтида Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатурк экстремистик кучларга қарши олиб борган муросасиз кураши туфайли мамлакат бутунлай секуляр жамиятга айлантирилган эди. Аммо, ўтган асрнинг 80 йилларида содир бўлган Ислом уйғониши билан боғлиқ халқаро жараёнлар Туркияга ҳам ўз таъсирини ўтказди. 

Мамлакатда диний ва дунёвий тузум тарафдорлари ўртасидаги қарашларда келишмовчилик бўлса-да, дунёвий ҳаёт тарафдорлари томонидан Туркиянинг ўз модернизация лойиҳалари мавжудлиги, либерал ҳаёт, демократия ва фуқаролик институтларининг шиддати кабилар сиёсий жараёнларнинг асосини ташкил қилади. 

Бугунги кунда мамлакат миқёсида “Радикалсизлантириш” дастурлари асосан икки йўналишда амалга оширилмоқда:

Биринчидан, Туркиянинг диний ишлар бўйича “Диёнат” ташкилоти Исломнинг тинчликпарварлик дини эканлигини кенг тарғиб қилмоқда. Шу мақсадда 2015 йили “Глобал террор исканжасидаги Ислом” номли маъруза матни тайёрланди: Туркиядаги 80 000 ва хориждаги 2 000 та масжидга тарқатилди.

Иккинчидан, Туркиянинг Миллий полицияси ва тегишли хавфсизлик хизматлари биргаликда радикализм ва экстремизмга мойил кишиларни аниқлаш, уларни бундай ҳаракатлардан қайтариш мақсадида мулоқотга киришиб, бу борада тизимли ишлаб келмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири 2016 йил Туркиянинг жанубида жойлашган Адана шаҳрида ўтказилди. Тадбир давомида 333 нафар экстремистдан 226 нафари “радикалсизлантирилиб”, улар осуда ҳаётга қайтарилди. 

ПОКИСТОН...

Экстремизм ва зўравонликдан жабр кўраётган давлатлардан яна бири сифатида Покистонни кўрсатишимиз мумкин. Ушбу мамлакат аҳоли сони бўйича жуда катта мусулмон мамлакатларидан бири бўлиб, сўнгги вақтларда исломий экстремизмдан, радикализмдан кўп жабр-зулм кўраётган мамлакат сифатида эътироф этилмоқда. 

Ўтган асрнинг ўрталарида дастлаб Британиядан мустақилликка эришган, кейин эса Ҳиндистон билан фожиали тарзда “бўлиниш”ни бошдан кечирган Покистон ўз тарихи давомида кўп мусибатли кунларни кўргани ҳеч биримизга сир эмас. Аммо, демократик тараққиёт борасида катта салоҳиятга эга мамлакат бугунги кунда зўравонликка ҳам қарши тураётган, Ғарб давлатлари билан самарали ҳамкорлик қила олаётган, энг асосийси, замонавий бошқарувни қўлдан бой бермаётган мамлакат ҳисобланади. 

Бунинг ўзига хос сабаблари сифатида Покистоннинг Конституциясини алоҳида тилга олиш мумкин. "Исломчи"ларнинг таъсири у даражада юқори бўлмаган вақтда ижод қилинган мазкур Конституция ёзилишида Европада яшаган ва дунё тараққиётини, ютуқларини ўз кўзи билан кўрган таниқли шахсларнинг роли ниҳоятда юқори бўлган. Биргина шу омилнинг ўзи мамлакатда зўравонлик ва экстремизмга қарши курашнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлганлигини эътироф этган ҳолда, мамлакатда радикаллашувга қарши кучларнинг, сиёсатчиларнинг, партияларнинг, жамоат ташкилотларининг ҳам роли ниҳоятда юқори эканини тан олмоқ жоиз.

Бугун мамлакат радикал кучларга қарши муросасиз кураш олиб бораётганлиги ва бу борада кўплаб давлатлар тажрибаларига таянаётганлиги, миллатлараро муносабатлардаги (асосан панжобликлар ва пуштунлар) зиддиятларни бартараф этиш учун замонавий таълимни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этмоқ жоиз. 

ЎЗБЕКИСТОН...

Хорижий давлатларнинг “радикалсизлантириш” дастурларини ўрганиш ва тегишли хулосалар чиқариш Ўзбекистон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, айрим давлатларда “куч ишлатмаслик” усуллари орқали кўплаб экстремистларни зарарсизлантириш ва уларни осуда ҳаётга қайтаришга эришилди. 

Юқорида кўрсатилган мамлакатлар тажрибаларини етарлича ўрганиш, тадқиқ қилиш асносида Ўзбекистонда зўравон экстремизмга қарши курашиш, радикаллашув даражасини пасайтириш ва жамиятда бундай салбий унсурлар кўпайишининг олдини олиш учун керакли тавсиялар ишлаб чиқилди. Уларни амалиётга қуйидагича жорий қилиш лозим деб ҳисоблаймиз:

1. Экстремистик фаолиятга олиб келадиган ёки жамиятда радикализм учун асос бўлаётган ҳолатларни аниқлаш;

2. Ёшларда дунёвийлик руҳиятини мустаҳкамлайдиган илмий, маънавий тадқиқотларни кўпайтириш ва уларнинг хулосаларини амалиётга жорий қилиш;

3. Мамлакатда обрўга эга бўлган диний арбоблар ва уламоларни экстремизмга ва радикализмга қарши профилактик жараёнларга кенг жалб қилиш;

4. Ёшларда миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини кучайтириш орқали зўравонликка, экстремизм ва радикализмга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш ва кучайтириш;

5. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда радикализмнинг оқибатлари, унинг сабаблари тўғрисида қисқа лўнда ахборотларни тарқатишнинг таъсирчан услублари ҳамда механизмларини ишлаб чиқиш;

6. Радикал кайфияти ёки экстремистик хулқ-атвори аниқланган тоифалар билан ишлашнинг маърифий услубларини жорий қилиш, уларни жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўқишлари ва англашлари учун шарт-шароит яратиш, зарур бўлса, бунга мажбур қилиш;

7. Радикализм ва зўравон экстремизм аслида Ислом динини қўллаб-қувватлаш эмас, жамиятни жаҳолатга бошлаб, тараққиётдан ортда қолдирадиган ва қолоқликка юз тутишига сабаб бўладиган омил эканлигини илмий-маърифий исботлаган тадқиқот намуналарини яратиш ҳамда турли ахборот воситалари орқали мақсадли аудиторияга етказиш;

8. Экстремизмга қарши курашда хотин-қизларнинг роли ва имкониятларига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Оила, маҳалла, мактаблар ва шунчаки эл орасида радикализмни камайтиришда аёллардан самарали фойдаланиш мумкин. Шу сабабли, бу мавзуга бағишланган илмий ишлар ва тадқиқотларни, шунингдек, социологик изланишларни олиб бориш мақсадга мувофиқ.

9. Радикализм ва зўравон экстремизмга қарши курашиш борасида катта ютуқларни қўлга киритган хорижий мамлакатлар билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш, уларнинг мутахассисларини маълум бир мақсадли вазифалар учун жалб қилиш кабиларни амалиётга жорий этиш ўз самарасини беради.

 

Дилшод ИБРОҲИМОВ,

“Мулоқот” жамоат бирлашмаси ижрочи директори