Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “BMB-NRC AGROLOGISTICS” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ташкил қилиш бўйича экспортёр корхоналари вакиллари учун “Экспортни самарали йўлга қўйишда экспортёр корхоналарнинг роли ҳамда уларнинг келгусидаги ишларини ташкил этиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари О.Ашурматов, “BMB-NRC AGROLOGISTICS” МЧЖ ижрочи директори М.Мусаев, Жиззах агрохизматлар маркази директори З.Аманов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтган инвестицияларни жалб қилишни янада кенгайтириш масаласи бўйича кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида айтилган вазифалар ижроси доирасида вилоятнинг Шароф Рашидов туманида “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси томонидан умумий қиймати 57 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этган замонавий “Агрологистика комплекси” қўшма инвестициявий лойиҳаси амалга оширилганини таъкидлади.
Юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Осиё, айниқса, Европа бозорларида ўзининг муносиб ўрнига эга. Шу ўринда томорқа ер эгалари, деҳқон-фермер ва тадбиркорларга қайси маҳсулот экишни ва унинг уруғини қаердан олишни “BMB-NRC Agrologistics” МЧЖ ҚКнинг етук мутахассислари таклиф қилади. Етиштирилган юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қисқа фурсатларда, сифатини йўқотмаган ҳолда “Агрологистика комплекси” маркази ходимлари томонидан белгиланган манзилларга етказиб берилишини таъминлайди.
Қолаверса, марказда етиштирилган маҳсулот сифат жиҳатидан тўғри сақланиши кафолатланади. Бу ўз навбатида экспорт амалиёти билан шуғулланиб келувчи тадбиркор учун ҳам кенг имкониятлар яратиши муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида “BMB-NRC Agrologistics” МЧЖда экспортчилар учун транспорт турларини танлаш, божхона расмийлаштирувини ташкил этиш ва маҳсулот сифатини назорат қилиш, логистика жараёнлари харажатларини камайтириш, мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш имкониятлари мавжудлиги ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири