Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортёр ва импортёрларга божхона тартиблари соддалаштирилади
10:21 / 2026-01-09

Божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида экспортёр ва импортёр тадбиркорлар иштирокида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбир аввалида Президентимизнинг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Таъкидланганидек, мазкур фармон билан божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини рақамлаштириш ва такомиллаштириш, чегара ўтказиш пунктларидаги назорат тартиботларини яхшилаш, божхона тўловлари ва йиғимларини ундириш тартибини соддалаштириш, товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назоратини такомиллаштириш ҳамда нотариф тартибга солиш чораларини енгиллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар белгиланган.

Хусусан, 2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни чегара божхона постига етиб келгунга қадар дастлабки декларациялаш орқали “эркин муомалага чиқариш” режимида расмийлаштириш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, дастлабки декларациялаш орқали расмийлаштирилаётган товарлар учун божхона йиғими 20 фоизга камайтирилади, божхона тўловларини кечиктириб тўлашда эса 14 кунгача фоиз ҳисобланмайди.

Қолаверса, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилиши, хавф даражаси паст бўлган ҳолатларда эса таъминoт миқдори пасайтирилган ҳолда қўлланилиши маълум қилинди.

Очиқ мулоқот чоғида мазкур фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорларнинг вақт ва молиявий харажатларини сезиларли даражада қисқартириши, шунингдек, ташқи савдо фаолиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши тадбир иштирокчилари томонидан ижобий баҳоланди.

Учрашув давомида тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммолар, таклиф ва мулоҳазаларини бевосита божхона масъулларига етказиш имконига эга бўлди. Билдирилган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ш.Маматуропова,

ЎзА