Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортёр корхоналар маҳсулотларига Европа Иттифоқининг мувофиқлик белгиси СЕ маркировкаси расмийлаштирилмоқда
16:55 / 2025-01-30

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази томонидан «Маҳсулот синовларини такомиллаштириш ва лабораторияларни модернизациялашнинг долзарблиги» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда сифат инфратузилмасини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиш борасида самарали ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш орқали маҳсулотларнинг сифатини яхшилаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, реализация қилинадиган маҳсулотлар хавфсизлигининг тизимли назоратини таъминлаш ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини кенгайтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Бу борада “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” давлат муассасаси томонидан ўтган йил мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, синов лабораторияларини модернизaция қилиш йўналишида синов лабораторияларни аккредитaция талабларига мослаштириш, аккредитaция соҳасини кенгайтириш, янги синов усулларини қамраб олиш мақсадида, жами 19,5 млрд. сўмлик 571 та ўлчаш воситалари харид қилинди.

[gallery-21517]

Шунингдек, автотранспорт воситаларини синаш мақсадида ҳайдовчи ва йўловчи салонига ажраладиган зарарли моддалар миқдорини аниқлаш юзасидан синов лаборатория мажмуасининг электромобилларни электромагнит мослашувчанлигини аниқлаш бўйича кўрсаткичларни синаш йўлга қўйилди.

Пскент туманидаги лабораторияда 24/7 иш режими ташкил этилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, маҳсулотларни сертификатлаш йўналишида 2024 йил давомида жами 37 мингга яқин мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилди. Маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнларида жами 7 та маҳсулот сифатсизлиги аниқланиб, маҳсулотлар яроқсиз деб топилди. 

Экспортёр корхоналарнинг маҳсулотлари учун Европа Иттифоқининг мувофиқлик белгиси СЕ маркировкани расмийлаштириш мақсадида 60 та корхона билан ишлар олиб борилди. Шундан 19 та корхонада СЕ маркировка сертификати расмийлаштирилди. Ҳудудлардаги 2 511 та экспортёр ва экспорт салоҳиятига эга корхонага соҳага оид 2 773 та амалий ёрдам ва консультатив хизматлар кўрсатилди. 

Ҳудудлардаги 166 та экспортёр корхонага 355 та мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилди. 5 та экспортёр корхонага Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида 13 та имтиёзли мувофиқлик сертификати расмийлаштирилди.

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА