French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортни қўллаб-қувватловчи божхона режими
17:01 / 2026-01-29

Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими имкониятларидан самарали фойдаланиб, экспорт салоҳиятини изчил равишда ошириб бораётган корхоналар фаолиятида сайёр ўрганишлар олиб борилди.

Ўрганишлар давомида “Бухоро Мева Сабзавотчилик Экспорти” МЧЖ фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Қайта ишлаш мақсадида хориждан олиб келинаётган хомашё ва маҳсулотларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш, уларни сақлаш ҳамда қайта ишлаш жараёнлари кўздан кечирилди.

Корхона 2025 йилдан буён “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими асосида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу давр мобайнида умумий қиймати 1,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, қарийб 1070 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа товарлар импорт қилинган. Шундан 61 минг АҚШ доллари қийматидаги 74 тонна маҳсулот айнан ушбу божхона режими доирасида расмийлаштирилган.

Шу билан бирга, корхона томонидан қайта ишланган қиймати 900 минг АҚШ долларига тенг, умумий вазни 400 тоннадан ортиқ бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари МДҲ давлатларига экспорт қилиниб, ташқи бозорларга йўналтирилган.

– “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими амалда экспортни қўллаб-қувватловчи самарали ва аниқ механизм. Мазкур режим тадбиркорларни йил давомида узлуксиз хомашё билан таъминлаш имконини яратиб, ишлаб чиқариш жараёнининг мавсумийликка боғлиқлигини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди  корхона раҳбари Шерзод Жумаев.

Учрашув якунида тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳияти кенг тушунтирилди. Унда назарда тутилган имтиёз ва имкониятлар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.