Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортчи тадбиркорлар мурожаатлари – эътиборда
18:41 / 2023-02-10

Наманганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда уларга кенг шароитларни яратиш мақсадида логистика компаниялари вакиллари ва ҳаво транспорти орқали экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси, Наманган халқаро аэропорти, "МуFreighter" хусусий авиакомпанияси масъуллари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Наманган филиали, вилоят божхона, транспорт, қишлоқ хўжалиги, давлат солиқ ҳамда ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари мутасаддилари иштирок этди.  

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов учрашув аввалида, мамлакатимизда сўнгги олти йилда тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга бўлган эътибор кўлами ортганлигини таъкидлади. Хусусан, Республика Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилган бўлиб, экспорт ҳажмини ошириш учун экспорт қилувчи корхоналарга молиявий жиҳатдан кўмак бериб келинмоқда. Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган айни шароит маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш заруриятини юзага келтирмоқда.  

[gallery-10527]

“Наманган халқаро аэропорти” МЧЖ директори Қобилжон Абдуназаровнинг қайд этишича, саноат ва тадбиркорлик марказига айланган, кичик бизнес субъектлари сони мутассил равишда ўсиб бораётган Наманган вилоятида хусусий тадбиркорлар, айниқса экспортёр корхоналарни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, водий ҳаво дарвозасида логистика компаниялари вакиллари ва юк жўнатувчи тадбиркорларнинг маҳсулотлари ташуви учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Хусусан, текстил йўналишида маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналарнинг маҳсулотлари экспорти учун юк ташувларини амалга оширишга имтиёзли нархлар белгиланган. Қолаверса, экспортбоп ташувларни Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари орқали жўнатаётган тадбиркорлар учун Наманган вилоятидан юкларни элтиб беришда амалий ёрдам кўрсатилади. Юк ташувларга мўлжалланган "МуFreighter" хусусий авиакомпанияси бугунги кунда мижозларга “осмон маликаси” номи билан машҳур “Боинг 477” русумли ҳаво лайнери орқали хизмат қилмоқда. Қолаверса, маҳсулотларни аэрпортгача етказишда транспорт воситалари орқали логистик хизматлар ҳам кўрсатилади.  

Тадбирда тадбиркорлик субъектлари томонидан Наманган халқаро аэропортидан юкларни экспорт қилиш, енгил ва оғир ҳажмдаги юкларни амалга ошириш, тарифларни қулай нархларда белгилаш борасидаги таклиф ва мурожаатлар билдирилди. Айрим муаммолар борлиги тилга олинди. Масалан, Чуст туманидаги “Chust Textile” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган 2022 йилда Наманган халқаро аэропортидан 16 та рейсда 24 тонна юк Россияга ташилган бўлса, Тошкент халқаро аэропортидан 62 тоннага яқин юк жўнатилган. Солиштириш учун бунга жамият томонидан Намангандан юборилган юкларга 186 миллион сўм, пойтахтдан эса 512 миллион сўм маблағ сарфланган. Демак, тадбиркорлар маблағи тежалиши, қолаверса, маҳаллий ташувчилар учун ҳам манфаатли бўлиши учун Наманган халқаро аэропортидан юқори ҳажмга эга бўлган юк ташувларини кўпроқ амалга ошириш мақсадга мувофиқ.  

Учрашувда тадбиркорлар ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш тартиби, аэропортда юкларни юбориш учун яратилган шарт-шароитлар, юкларга ва ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ҳамда соҳага доир бошқа зарур маълумотларга эга бўлишди.  

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.