Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан амалга оширилаётган хорижий инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш ҳолати, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жойлаштирилган товарларни экспортга чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда импорт қилинган асбоб-ускуналарни ишга тушириш йўналишларидаги масалалар жойларга чиққан ҳолда ўрганилди.
Масъуллар Элликқалъа туманида жойлашган бир қатор тадбиркорлик субъектлари, хусусан “Элликқалъа олтин толаси кластери”, “Bo‘ston Denim”, “Бўстон кластер” масъулияти чекланган жамиятлари корхоналарида бўлишди. Ушбу корхоналар фаолияти йирик хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда ишга туширилган.

“Элликқалъа олтин толаси кластери” масъулияти чекланган жамияти корхонасига 17,5 миллиард сўм хорижий инвестиция жалб этилиши натижасида 250 та янги иш ўрни яратилди. Ҳозирда ушбу корхона ишга туширилган бўлиб, йилига 5 миллион АҚШ доллари қийматидаги тайёр текстиль маҳсулотини экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.
Мазкур ҳудудда жойлашган ““Bo‘ston Denim” масъулияти чекланган жамияти корхонаси томонидан ҳозирги кунда тайёр текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариб, 2 миллион 300 минг АҚШ доллари қийматидаги 1 минг 18 тонна маҳсулот экспортга йўналтирилган.

Шунингдек, “Бўстон кластер” масъулияти чекланган жамияти ушбу туманда жойлашган бўлиб, ҳозирда тайёр матоларга ранг бериш билан шуғулланиб келмоқда.
Тадбиркорларга олиб келинаётган хомашёларни “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимига жойлаштириш тавсия этилиб, унинг имкониятларидан фойдаланиш афзалликлари батафсил тушунтирилди.
Бунда олиб кирилган бўёқ ва шунга ўхшаш хомашёларни қайта ишлаш натижасида олинган товарларнинг экспорти амалга оширилганда, улар божхона тўловларидан озод этилиши айтиб ўтилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири