Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспортбоп маҳсулотлар санитар стандартларга мувофиқлаштирилади
10:43 / 2025-06-12

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев Сирдарё вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувнинг асосий мақсади – экспортга йўналтирилган маҳаллий маҳсулотларни халқаро санитар талабларга мувофиқ сертификатлаш, улар учун технологик ҳужжатларни расмийлаштириш ва соҳа тадбиркорларини амалий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Мулоқот давомида Ховос туманидаги “RS Success Agro” биотехнология индустриал комплекси томонидан ишлаб чиқарилаётган асал, каноп мойи, чой ва косметик воситалар (“Леодар”, “Леориа”, “Ҳемпорама”, “Степпе Ҳоней” савдо белгилари остида) билан боғлиқ экспорт лойиҳалари тақдим этилди. Хусусан, ушбу маҳсулотларни араб мамлакатларига экспорт қилиш ҳамда ички бозорда истеъмолга тавсия этиш учун зарур бўлган санитария-эпидемиологик хулосалар ва миллий стандартларга мувофиқ технологияларни ишлаб чиқишдаги муаммолар тилга олинди.

Тадбиркорлар томонидан ушбу маҳсулотлар учун технологик йўриқномалар яратиш, стандартлаштириш ва санитар экспертизадан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралди.

Санепидқўмита раиси Баҳодир Юсупалиев бу борада шундай фикр билдирди:

– Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган экспортбоп маҳсулотлар халқаро бозорда рақобатбардош бўлиши учун улар санитария ва гигиена талабларига тўлиқ жавоб бериши шарт. Қўмита томонидан санитар-эпидемиологик хулосаларни бериш, технологик ҳужжатларни тайёрлаш ва миллий стандартларга мувофиқлаштириш борасида ҳар томонлама кўмак кўрсатилади. Бу нафақат аҳоли саломатлиги, балки мамлакат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир якунида маҳсулотларни санитар экспертизадан ўтказиш, техник ҳужжатлар билан таъминлаш ва экспорт сертификатларини расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш мақсадида Санепидқўмита ҳамда тадбиркорлар ўртасида алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири