Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспорт йўналишида яратилган қулайликлар иқтисодиёт тармоқлари ривожига хизмат қилмоқда
15:25 / 2019-08-23

Сўнгги йилларда республикамиз божхона органлари ўз фаолиятини “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда.


Сўнгги йилларда республикамиз божхона органлари ўз фаолиятини “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили асосида олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимизда тадбиркорлар учун содда ва шаффоф божхона тартиб-таомилларини жорий қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўтган йиллар давомида божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотлар рақобатдошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ўтказилган давра суҳбатида шу жиҳатлар алоҳида қайд этилди. Тадбирда экспортёрларга республикамизда яратилган қулайликлар, қабул қилинган қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Унда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мутахассислари, шаҳар прокуратураси, шаҳар ва туманлар ҳоким ўринбосарлари, Тошкент шаҳар Инвестициялар ва ташқи савдо, Давлат ветеринария бошқармалари, Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси мутасадди вакиллари ҳамда экспортёрлар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2019 йилнинг январь – июль ойларида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали экспорт қилинган товарлар ҳажми 2018 йилга нисбатан 22,3 фоизга кўпайган.

Тадбирда сўз олган Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Т.Режапов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Раҳмонов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига кенг кўламдаги қулайликлар яратилаётганлиги, экспортни рағбатлантиришга қаратилган божхона тартиб-таомиллари минимал даражага тушириб, эвазига юқори кўрсаткичлар қўлга киритилаётгани таъкидланди.

Асосий мақсад энг аввало, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишини рағбатлантириш ҳамда республика тинчлиги ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳада ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Президентимиз томонидан юклатилган асосий вазифалардан бири – бу ривожланган давлатлар сингари “ялпи“ божхона назоратидан воз кечиб, хавф-хатардан огоҳ этиш тизими орқали танлов усулида божхона кўригини амалга оширишдир.

Фармон билан соҳада “Хавфларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими” дастури амалиётга жорий этилди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилган бўлса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб “яшил” ва “кўк” йўлаклар босқичма-босқич жорий этилди.

Барча товар ва транспорт воситалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда 4 та йўлакка: “Яшил” (минимал даражадаги хавф), “Сариқ” (ўртача даражадаги хавф), “Қизил” (максимал даражадаги хавф) ва “Кўк” (Товарлар чиқариб юборилгандан кейинги божхона назорати) йўлакларга ажратилади ва шундан келиб чиққан ҳолда назорат шакллари ҳамда усуллари танланади.

Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операциялари ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Божхона ходими хавфни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.

Тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтириш, божхона назорати ҳажмининг камайиш, сифатининг ошишига, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланишга, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2019 йил 30 мартдаги қарорига асосан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ товарлар экспорт божхона расмийлаштирувида контракт, яъни шартноманинг қоғозли нусхасини тақдим қилиш, шунингдек, барча ташқи савдо шартномаларини божхона органларидан ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказгандан сўнг товарларни экспорт қилишга рухсат бериш амалиёти бекор қилинди.

Президентимизнинг 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хом ашё, бутловчи буюмлар ва материаллар импортида қўшилган қиймат солиғи тўлашни божхона юк декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб 120 кунга кечиктириш имконияти берилиши белгиланди. Шу сабабли, мазкур норма талабидан келиб чиқиб, экспорт қилувчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш имкониятини бериш тартиби, яъни механизми ишлаб чиқилмоқда. Мазкур имтиёз товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида ҳисобот даври якуни бўйича тайёр маҳсулот экспорти улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахсларга уларнинг аризаларига кўра берилади.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимизнинг 2019 йил 
28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилганлиги, экспортни рағбатлантириш ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги муҳим янгиликлардан бири бўлди.

Агентликнинг асосий вазифалари – экспортни рағбатлантириш ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, уларга ташқи бозорларга чиқишда ва уларнинг экспорт фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларини ечишда кўмаклашиш ҳисобланади.

Очиқ мулоқотда агентликнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, ахборот ва молиявий қўллаб-қувватлаш, чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, халқаро сертификат ва лицензияларни олишга кўмаклашиш, ташқи бозорларга маҳсулот етказиб беришга кўмаклашиш, шунингдек, хорижда ўзбек брендлари ва товарларини илгари суриш бўйича “Made in Uzbekistan” дастурини амалга оширишда қатор ишлар олиб борилмоқда.

Агентлик томонидан халқаро кўргазма ва ярмаркаларда миллий стендлар, бизнес-семинарлар ва тренинглар ташкил этиш, халқаро сертификатлар ва лицензияларни олишда ва экспорт қилинадиган маҳсулотларни ташишда кўмаклашиш, электрон тижорат тизимини яратиш, хорижий ҳамкорларни излаш ва савдо ваколатхоналари билан ҳамкорлик қилишда самарали фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан электротехника саноатини ривожлантириш бўйича бир қатор енгиллик ва имтиёзлар яратиб берилганига ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилаётгани айтиб ўтилди.

Тадбиркорларда туғилаётган саволларга ўз вақтида тўлақонли жавоб бериш борасида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, уларнинг қийнаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мурожаатлар асосан божхона назорати ва расмийлаштирувига доир бўлмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қизиқтирган саволларга божхона қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар асосида божхона хизмати ходимлари томонидан ўз вақтида жавоблар берилмоқда. Бу йўлда эса прокуратура ва давлат божхона хизмати органлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг яқин кўмакчиси бўлишга ҳамиша шайлигига эътибор қаратиб келинмоқда.

Учрашув давомида иштирокчиларга тизимдаги коррупция ва тамагирлик ҳолатларига қарши курашишда жамоатчиликнинг ҳам фаол кўмаги зарурлиги, унга қарши биргаликда курашиш кераклиги, бу борада божхона, прокуратура ва солиқ органлари томонидан ҳар қандай амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилиши таъкидланди. Куннинг исталган вақтида Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 “Ишонч телефон”и орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир сўнгида божхона иши ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари ҳар қандай кўмак беришга, коррупция ва бошқа ҳар қандай иллатларга қарши курашишда кенг ҳамкорлик қилиш муҳимлиги, бундан ҳар бир тадбиркорлик субъекти ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Бошқарма томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.