Европа бозорида Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Ҳар бир янги иш ўрни ва ишлаб чиқарилган маҳсулот нафақат иқтисодий кўрсаткичларни оширади, балки Янги Ўзбекистон брендини халқаро майдонда танитишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг Наманганга ташрифида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида саноатни жадал ривожлантиришда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, текстиль маҳсулотларини дунё бозорига чиқишини рағбатлантириш зарурлиги таъкидланиб зарур топшириқлар берилди.
Мазкур топшириқлар доирасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида олиб борган ўрганишлари чоғида Наманган шаҳрининг Янги аср маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Mustang textile” ва “Asror textile” ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Экспортга йўналтирилган барқарор ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилган, тикувчиликка ихтисослашган “Mustang textile” масъулияти чекланган жамият вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
[gallery-27190]
Ҳозирда ушбу корхонада кунига 500 дона эркаклар кийими ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар асосан экспорт учун йўналтирилиб, улар Польша, Германия, Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига етказиб берилмоқда. 170 киши иш билан таъминлаган корхонада ўтган 2025 йил учун белгиланган 1 миллион долларлик экспорт режаси ортиғи билан бажарилган. Вилоят раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳи ўрганишида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва иш ўринларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Наманган вилоятидаги “Ифтихор кийим саноат”, “Фазман текстиль”, “Идеал орзу текстиль” каби ишлаб чиқариш корхоналари томонидан “Bugatti”, “Pierre Cardin”, “Roy Robson”, “Baldessarini”, “Lavard”, “Jake’S”, “Engbers”, “Cinque”, “Walbusch” каби дунёга машҳур брендлар буюртмаларига асосан маҳсулот тайёрланмоқда.
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Asror textile” тикув корхонаси фаолияти билан ҳам танишув чоғида айни шу жиҳатларга эътибор қаратиб, брендлар билан ишлашнинг аҳамиятига тўхталди. Текстиль йўналишидаги мазкур корхона бугунги кунда мингдан зиёд йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаган. Жамият цехларида асосан эркаклар учун костюм-шим ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳамда Европанинг бир қатор давлатларига экспорт қилинмоқда. Таъкидлаш жоиз, корхона томонидан ўтган йил мобайнида 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт амалиёти бажарилди.
Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишар экан, тадбиркор билан мулоқотда сифат назорати ва янги иш ўрни яратиш имкониятларини атрофлича муҳокама қилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.