Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Экспорт уч қадамда” лойиҳаси тез бузилувчан мева-сабзавотларни экспорт қилишда қўл келмоқда
12:30 / 2024-05-30

Божхона қўмитаси томонидан жорий йилнинг 25 мартидан экспорт жараёнларини соддалаштиришга қаратилган “Экспорт уч қадамда” тизими жорий қилинган эди.

Пишиқчилик мавсумида чегара божхона постларида тирбандликларнинг олдини олишда ушбу тизимнинг аҳамияти ортиб бормоқда.  

Хўш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ушбу қулайликдан хабардорми? Улар бу имкониятдан қанчалик унумли фойдаланмоқда?  

Айни жараёнларни кузатиш мақсадида Тошкент вилоятининг Янгийўл ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлдик.    

Таъкидлаш жоизки, шу вақтга қадар экспорт қилинувчи товарлар республикамиздан чиқиб кетгунга қадар 9 та босқичда амалга оширилар эди. Энди эса ушбу босқичлар 3 баробарга қисқармоқда. Яъни, экспорт жараёнлари 3 қадамда амалга оширилади.    

Дастлаб экспорт шартномаси тузилади, экспорт декларацияси шакллантирилади ва юборилади. Якунда эса чегарада божхона назорати амалга оширилади.  

Бунинг учун экспорт шартномаси маълумотлари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади. Ушбу шартнома маълумотлари ва интеграция қилинган дастурлар орқали экспорт декларацияси, инвойс ва транспорт ҳужжатлари автоматик шаклланади. Бунда бошқа давлат идораларидан олинадиган рухсатнома ҳужжатлари ҳам онлайн тартибда амалга оширилиши билан бир қаторда энг аввало барча ҳужжатларда ахборотларнинг бир хиллиги таъминланади.    

—Ваҳоланки, илгари тадбиркорлар биргина экспорт декларациясини шакллантириш учун божхона брокерлари учун қўшимча харажатларни амалга оширар эди, — дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев. — Масалан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси мисолида олинса, лойиҳа ишга туширилганидан сўнг ўтган 2 ой ичида тадбиркорларнинг ўрта ҳисобда 200-300 миллион сўм харажати тежалди. Бу кўрсаткич республика миқёсида 74-75 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. “Экспорт уч қадамда” лойиҳаси, айниқса тез бузилувчан мева-сабзавотларни экспорт қилишда тадбиркорлар учун жуда қўл келади.    

Божхона постида юк автотранспорт воситасига ортилган гилос маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви амалга оширилди. Ушбу тизим орқали товарларни экспорт қилишда божхона назорати фақатгина “қизил” йўлакдаги товарларга нисбатан қўлланилади ва бевосита ТИФ божхона постларида амалга оширилади. Юк автотранспорт воситаси чегара божхона постига етиб боргач, тарози ва ахборот тизимларидан олинган маълумотларнинг ҳужжатларга мослиги текширилади, холос. Бу эса сохта экспорт операцияларининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.    

Тизимнинг жорий этилиши натижасида экспорт жараёнлари учун сарфланаётган вақт 5 соатдан 1 соатга ҳамда декларациялар расмийлаштирувига сарфланаётган вақт 42 дақиқадан 10 дақиқага қисқармоқда. Тизимдан фойдаланиш тадбиркордан алоҳида билим ва малака талаб этмайди. Декларацияни тўлдириш савол-жавоб тариқасида яъни, маълумотларни танлаб белгилаш орқали иккита қадамда амалга оширилади.  

Аммо, барча тадбиркорлар ҳам ушбу имкониятдан тўлиқ хабардор, дея олмаймиз. Республика бўйлаб сўнгги икки ойда экспортга расмийлаштирилган 31 мингга яқин декларациянинг атиги 5 фоизи ушбу тизим орқали тўлдирилган. “Экспорт уч қадамда” тизими орқали экспортга расмийлаштирилган декларацияларнинг атиги 17 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига доир. Шундай экан, тадбиркорларни ушбу тизимдан кенгроқ фойдаланишга чорлаб қоламиз.  

Дарвоқе, мева-сабзавотлар экспорти ҳақида гап кетар экан, тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган яна бир қулайликни эслатиб ўтиш жоиз. Пишиқчилик мавсумида экспортга чиқарилаётган мева-сабзавотлар юкланган машиналарнинг чегарадаги тирбандлигига чек қўйиш мақсадида Божхона қўмитаси оддий ва қулай тартиботни жорий қилди.  

Бунинг учун экспортёр ёки ҳайдовчи тез бузилувчан маҳсулот ортилган юк машинасининг олд ойнасига тегишли ёрлиқни ёпиштирса кифоя. Чегара божхона постига келгач, тегишли ёрлиқ ёпиштирилган юк машинаси навбатда қолиб кетгудек бўлса, божхона ходими айнан шу ёрлиқдан транспорт воситасини таниб олади. Сўнгра божхона кузатуви остида машина навбатдан ажратиб олинади ва чегара божхона постида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ортилган транспорт воситалари учун жорий қилинган алоҳида махсус йўлакка йўналтирилади. Тегишли тартиботлар қисқа муддатда якунига етгач, транспорт воситаси республикамиздан чиқиб кетади.    

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА