French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспорт қилувчи корхоналарга қандай енгилликлар берилмоқда?
11:08 / 2021-09-19

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси бошқарма бошлиғи Мирзораҳмат Ниёзметов иштирокида ўтказилган брифингда тадбиркорларга берилаётган енгиллик ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, экспорт қилувчи корхоналарнинг иш шароитларини яхшилаш ва соддалаштириш, халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қўшимча имкониятлар бериш, маҳсулот таннархини бир неча маротаба пасайтиришга ва ишлаб чиқариш муддатини камайтириш мақсадида жорий  йил 1 октябрдан экспорт қилувчи корхоналарга бир қанча қулайлик ва имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Жумладан, экспортёр корхоналар  маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ва материалларни сотиб олиш, асбоб-ускуналар учун бутловчи қисмлар ва буюмлар сотиб олиш, ходимларга иш ҳақини тўлаш учун маблағ етишмаган тақдирда ўз вақтида ва мақбул шартларда 5 миллион долларгача бўлган миқдорда кредит олиши мумкин. Бу ишлаб чиқаришни 145 фоизга оширади, натижада маҳаллий маҳсулотлар экспорти ҳажмининг ошишига олиб келади. Шунингдек, янги механизм маҳсулот рентабеллигини 12 фоиздан 20 фоизгача оширишга ёрдам беради. Солиқ кўринишидаги бюджетга қўшимча тушум 4,9 миллиард сўмни ташкил этади.

Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизимини 1 йилга жорий этиш экспортёр корхоналарга маблағларини иқтисод қилиши, товар таннархи тушиши, бу эса жаҳон бозорида янада рақобатбардошли маҳсулот сифатида таклиф қилишига олиб келади.

Юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар ва хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талабини бекор қилиниши, экспортчи корхоналарга биринчи навбатда, вақтни тежаш, бюрократия ва турли ваколатли органларга сарсонгарчиликни қисқартиришни, маҳсулот ишлаб чиқариш муддатини қисқаришига ва ўз ўзидан пул маблағлари тежалишига олиб келади.

Муҳайё   Тошқораева,

ЎзА