Андижон вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан вилоятдаги чегара масканлари орқали экспорт ва импорт қилинган ҳамда транзит тарзида ўтказилган товарлар учун белгиланган намунадаги фитосанитар сертификатлар тақдим этилмоқда.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Андижон вилояти бошқармаси ташқи иқтисодий фаолият инспекторлари томонидан экспорт қилинган 434 минг 808 тонна зиравор маҳсулотлар, шунингдек, 657 800 тонна дуккакли ўсимлик маҳсулотлари фитосанитар кўригидан ўтказилиб, уларга белгиланган тартибда фитосанитар сертификатлари расмийлаштирилди.
Бундан кўзланган мақсад энг аввало, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, қолаверса, карантин обекти ҳисобланган зараркунандалар ва турли касалликларнинг бир мамлакатдан иккинчи давлатга тарқалишининг олдини олиш, импорт ва экспорт қилувчи давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам бўлишини таъминлашдир.
Айни кунда вилоятдаги чегара постларида жойлашган Ўсимликлар карантин чегара масканлари, ушбу масканлардаги лобараториялар замонавий жиҳоз ва ускуналар, зарур кимёвий воситалар билан тўла таъминланган бўлиб, халқаро меъёр ва талаблар асосида иш юритмоқда. Ушбу масканларда четдан юртимизга сифатсиз маҳсулотлар кириб келиши, юртимиздан эса фитосантитар талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар чиқиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА