Бухорода Ўзбекистон божхона брокерлари ассоциацияси томонидан замонавий шароитларда ташқи иқтисодий фаолиятни олиб бориш ҳамда юзага келадиган муаммолар ва уларнинг ечими мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Давлат божхона қўмитаси ҳамда вилоят божхона бошқармасининг тегишли йўналишлар бўйича масъуллари, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, божхона брокерлари, карантин ва ўсимлик назорати агентлиги мутахассислари қатнашди.

Йиғилишда божхона маълумотларини аниқлашнинг асосий усулини қўллаш хусусиятлари, товарларнинг божхона қиймати, захира усулидан фойдаланишда божхона органи билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби бўйича маърузалар тингланди. Шунингдек, электрон баённомаларни қўллаш ва уларга мурожаат қилиш тартиби, тўлақонли мулоқот ўтказиш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тўғрисида масъуллар томонидан тушунчалар берилди. Божхона тизимида амалдаги янги тартиб тамойиллар хусусида фикр алмашилди.

Тадбир якунида соҳа ходимларининг саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА