Жиззах вилоятининг тоғли Бахмал туманига Туркиянинг "Frucht Jager" савдо компанияси раҳбари Меҳмет Акиф Бозкурт (Mehmet Akif Bozkurt) ташриф буюриб, ҳудуднинг табиий иқлим шароити, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортдаги улуши ҳамда аграр соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Учрашувда туман ҳокими ўринбосари Ферузбек Ҳамзаев ва компания вакиллари иштирок этиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш имкониятларини муҳокама қилишди. Меҳмонлар жойларга чиқиб, боғдорчилик ва асаларичилик йўналишида фаолият юритаётган хўжаликлар билан ҳам яқиндан танишдилар.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аграр соҳани модернизация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ташқи бозорлар географиясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармонида экспорт ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқаро бозорларга чиқаришни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аграр соҳада экспортни рағбатлантиришга қаратилган қарорлари ҳудудларда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Бахмал туманининг тоғли иқлими, экологик тозалиги ва табиий шароити боғдорчилик ҳамда асаларичиликни ривожлантириш учун қулай имконият яратади. Шу боис хорижий компания вакилларининг ҳудуд имкониятларига қизиқиш билдириши маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Учрашув якунида томонлар мева ва асал маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича дастлабки келишувларга эришишди. Бундай ҳамкорлик келгусида экспорт ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири