Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспорт бир ярим баробарга ўсади
11:49 / 2026-01-20

Ўзбекистон Президенти мамлакат ишлаб чиқарувчилари олдига 2026 йилда экспортни 40 млрд. долларга етказиш вазифасини қўйди. Фарғона вилоятида йилнинг дастлабки кунлариданоқ бу муҳим вазифани бажариш чоралари кўрилмоқда. Фарғона вилояти учун ўтган 2025 йил ҳам қувончли натижалар келтирган эди. 2025 йилда 1,1 млрд долларлик, шундан 402 млн доллар қишлоқ хўжалиги, 695 млн долларлик саноат маҳсулотлари экспортга чиқарилди. Бу эса 2024 йилга нисбатан 1,3 баробар ўсишни ташкил этади.

Бунда вилоятлараро тўғридан тўғри шартномалар тузилаётгани самара бермоқда. Вилоят ҳокими бошчилигида 5 та давлатда: Хитой, Россия, Жанубий Корея, Туркия ва Германияда 150 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар билан учрашиб, қиймати 3,8 млрд долларлик 161 та янги инвестиция ва 100 млн долларлик 9 та савдо шартномалари юзасидан келишувларга эришилди.

Бугунги кунда ушбу эришилган келишувлардан қиймати 1,3 млрд долларлик 65 тасида ишлар жадал бошланди, 2,5 млрд долларлик 120 тасида ўрганиш, ҳужжатларни расмийлаштириш якунланмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг “Hansae mobility” компанияси томонидан қиймати 50 млн.доллар бўлган автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш лойиҳаси учун ер ажратилиб, қурилиш жадал кетмоқда. Ёки Қува туманида Туркиянинг “Хеял Холдинг” компанияси билан умумий қиймати 350 млн долларлик “Турк саноат зонаси” ташкил этиш лойиҳаси қурилишига старт берилди ва 26 га майдонда текислаш ишлари якунланмоқда.

Ўзбекистондаги қулай инвестиция муҳити, хорижий инвесторлар учун кенг қамровли имтиёз ва кафолатлар Фарғонда ўз самараси бермоқда, хорижий ҳамкорларда катта ишонч ва маҳаллий бозорга интилиш кундан кунга ортмоқда.

2026 йилда Фарғона вилояти экспортини 1,6 млрд.доллар, шундан қишлоқ хўжалигида 500 млн, саноат маҳсулотларида 1,1 млрд долларга етказиш режалари белгиланиб, амалий ишлар бошланди.

Экспорт географияси 67 та давлатга етиб, 2025 йилга нисбатан 11 тага кенгаяди. Анъанавий харидорлар сафига Мексика, Венгрия, Швеция, Руминия, Жазоир, Греция, Словакия, Уммон, Таиланд ва Малдив каби давлатлар қўшилиши кутилмоқда.

Муҳаммаджон Обидов,

ЎзА