Экспорт ҳажми ошмоқда
Бухоро туманидаги “Маданият арттекс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасининг ип-калава ишлаб чиқариш цехи реконструкциядан чиқарилди.
Бухоро туманидаги “Маданият арттекс” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасининг ип-калава ишлаб чиқариш цехи реконструкциядан чиқарилди.“Ипотекабанк”нинг туман филиалидан олинган 2,5 миллиард сўм кредит ҳамда корхонанинг ўз маблағи ҳисобига харид қилинган замонавий йигирув дастгоҳлари цехнинг ишлаб чиқариш қувватини янада оширди.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳити яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор бизни кўпроқ меҳнат қилишга, изланиш ва фаолиятимизни янада кенгайтиришга ундамоқда, – дейди “Маданият арттекс” раҳбари Ориф Чориев. – Шу пайтга қадар хомашёнинг асосий қисмини катта маблағ сарфлаб, бошқа корхоналардан харид қилардик. Энди бунга ҳожат қолмади. Цехимиз қуввати аввалгига нисбатан беш баробар ошиб, кунига 2,5 тоннагача ип-калава ишлаб чиқариш имконияти яратилди.
Лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш жараёнида цехга яна 25 нафар ишчи қабул қилинади. Шунда йигирув, тўқув ва бошқа ёрдамчи цехлардаги жами ишчи-мутахассислар сони 90 нафарга етади. “Маданият арттекс” ип-калава ишлаб чиқариш цехининг реконструкция қилиниши корхонада арқон иплар, ишчи қўлқоплар ва нотўқима материаллар тайёрлаш ҳажмини ошириш имконини беради. Йил охирига бориб бу борадаги ўсиш 2013 йилга нисбатан 20 фоизга ошади.
Таъкидлаш жоизки, корхонанинг буюртма портфели россияликлар билан тузилган шартномалар асосида шаклланган. “Маданият арттекс”да тайёрланиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида 2014 йили экспорт қилинган маҳсулот миқдори қарийб 700 минг долларни ташкил этмоқда. Бу 2013 йилга қараганда 100 минг долларга кўпдир.