Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспонатларга бой маскан
15:12 / 2020-05-18

Тарихсиз – келажак бўлмайди.

18 май – Халқаро музейлар куни

Тарихсиз – келажак бўлмайди. Музейлар ¬мозийдан дарак берувчи, ўтмиш ва бугунни боғловчи маскан саналади. Бундан бир йил муқаддам Ички ишлар вазирлиги академиясида янги музей иш бошлаган эди.

Маълумки, 1932 йил Тошкентда ишчи-деҳқон милицияси учун ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида илк мактаб фаолияти йўлга қўйилган эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллар ҳуқуқ-тартибот идораларининг кадрларга бўлган эҳтиёжи ошгани боис, 1967 йили Тошкент олий милиция мактаби ҳам ташкил этилади. Ушбу таълим масканлари мамлакатимиз мустақилликка эришгунига қадар фаолият юритиб, нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Иттифоқнинг қўшни республикалари учун ҳам малакали кадрлар тайёрлаб берди. Истиқлолга эришганимиздан сўнг, 1994 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг олий ва ўрта махсус мактаблари негизида ИИВ Академияси ташкил этилди.

Академия тарихи музейида ушбу тарихий даврлар ёрқин акс этган, десак муболаға бўлмайди. Бу ерда турли даврларга оид нодир экспонатлар, осори-атиқалар ва фотосуратларни учратасиз. Машғулотлар чоғида қўлланган жиҳозлар, махсус техник ускуна ва қурол-аслаҳалар, мактаб ҳаётига оид тарихий ҳужжатларнинг асл нусхалари ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмайди. Музейда мустақиллик йиллари таълим маскани ҳаётида рўй берган янгиланишлар, изчил ислоҳотлар муфассал ёритилган. Ўқув даргоҳининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган раҳбарлар, фидоий профессор-ўқитувчилар ҳамда хизмат бурчини ўтаётганда мардларча ҳалок бўлган собиқ битирувчилар учун алоҳида бурчаклар ташкил этилганини эътироф этиш жоиз.

Айтиш керакки, Академия раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари эвазига музей фонди йилдан-йилга янги экспонатлар билан бойимоқда. Шу боис, юртимизнинг турли гўшаларидан, айниқса узоқ-яқин хориждан келган меҳмонлар ушбу масканни саёҳат қилмай кетишмайди. Музей остонасидан киришингиз билан сизни кўркам формадаги курсант йигит-қизлар қарши олади. Ўзбекона илиқ салом-аликдан сўнг улар ўқув даргоҳининг тарихи ва ривожланиш йиллари ҳақида сизга турли тилларда сўзлаб беришади. Мухтасар айтганда, тарих кўзгусига айланган ушбу маскан ёшларни она Ватанга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг касбий фазилатларини юксалтириш баробарида, юртдошларимиз ҳамда хорижлик меҳмонларни таълим масканининг ўтмиши билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда.

Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси матбуот хизмати
ходими, катта лейтенант.