Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспертлар минтақавий хавфсизлик масаласини муҳокама қилишди
14:10 / 2022-03-05

Марказий Осиё халқаро институти ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё эксперт-таҳлилчилар жамоатчилиги вакилларининг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси” мавзусида экспертлар йиғилиши ташкил этилди.

Юқори даражадаги “БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги” Тошкент халқаро конференцияси майдонида бўлиб ўтган тадбирда иккала минтақанинг стратегик-таҳлил тузилмалари раҳбарлари ва етакчи мутахассислари, шунингдек Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Ҳиндистоннинг Раштрия Ракша университети, Покистоннинг Пешовар университети ҳузуридаги минтақавий тадқиқотлар маркази экспертлари иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиздаги Марказий Осиё халқаро институти ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган экспертлар гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини амалга ошириш мақсадида уюштирилди. Ёдингизда бўлса, ушбу таклиф 2021 йил 16 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясида илгари сурилган эди.

Йиғилиш иштирокчилари ўз чиқишларида Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги жорий ҳолат ҳақида маълумот беришди, минтақанинг барқарор ривожланишига тўсиқ бўладиган асосий хавф-хатарлар тўғрисида сўз юритишди.

Нисбатан қисқа вақт ичида минтақа давлатлари томонидан биргаликда ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилганига эътибор қаратилди.

Хорижлик экспертлар Янги Ўзбекистон олиб бораётган фаол сиёсат туфайли минтақада шерикликни мустаҳкамлаш бўйича эришилган салмоқли натижалар туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилаётганини эътироф этишди.

Шу билан бирга мамлакатлараро мавжуд масалаларни ҳал этишнинг қулай ва самарали йўлларини ишлаб чиқиш орқали амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга таҳлилий марказларни янада фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Анжуман якуни бўйича қатнашчилар Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ кўмагида юқорида айтиб ўтилган экспертлар гуруҳини тузиш ва ишга тушириш бўйича таклиф тайёрланишига келишиб олдилар. Ишлаб чиқилган таклифлар келишиш учун тадбир иштирокчиларига юбориладиган бўлди.

Барча масалалар ўрганиб чиқилиб, келишилгач, экспертлар изчил ҳамкорликнинг тизимли хусусиятини таъминлашга эришиш мақсадида масаланинг техник ва таркибий жиҳатлари юзасидан фикр алмашиш учун учрашадилар.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА мухбири