Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экспертлар арзон, чиройли ва фойдали дастурхон безашни тавсия этмоқда, қандай?
09:00 / 2019-12-24

Янги йилни ҳамма ўзгача завқ билан кутади. Айниқса, энг сара таомлар тайёрлаш борасидаги ҳаракатларимиз туфайли дастурхондаги ширинликлар, салатлар, мева ва турли ичимликлардан кўз қамашади.


Янги йилни ҳамма ўзгача завқ билан кутади. Айниқса, энг сара таомлар тайёрлаш борасидаги ҳаракатларимиз туфайли дастурхондаги ширинликлар, салатлар, мева ва турли ичимликлардан кўз қамашади. Албатта, бу дастурхон кўп ҳам арзонга тушмагани етмагандай, меъёрдан ошиқча қилинган истеъмол туфайли саломатлигимиз ҳам жабр кўради.

Аслида байрамни яхши кайфиятда нишонлаш учун таом истеъмолида нималарга аҳамият бериш зарур? Қандай маҳсулотлар кўпроқ фойдали?

Умид Аҳроров, Тошкент кимё технология институти профессори:

– Ҳар бир хонадон ўзининг моддий, маънавий ва ижтимоий ҳолатига қараб дастурхон безашга ҳаракат қилади. Биласизми, хонадон бюджетига қараб арзон, чиройли ва фойдали стол қилиш мумкин. Бунинг учун қизил лавлагини пишириб, зайтун ёғи қўшиб, қирғичдан чиқарса ёки “Винегрет” қилса ҳам чиройли, ҳам фойдали. Карамни майда тўғраб, кўкатлар, бодринг, таъбга қараб, қатиқ қўшиш мумкин. Бу маҳсулотлар холестеринни камайтиради.

Сабзавотларни карвинг безаклари асосида кесиб қўйсангиз ҳам чиройли дастурхон бўлади. “Гўштсевар”лар учун тилдан, пишган гўшт ва қазидан ассортилар тайёрлаш мумкин. Бунда балиқ ва паррандалар ҳам кўмакка келса, янада ажойиб. Барчаси инсоннинг хоҳиши, фантазияси ва ажратган маблағига боғлиқ.

Фотима Мансурова, шифокор:

– Янги йил дастурхони ясатиш ҳар бир инсоннинг дунёқараши ва тушунчасидан келиб чиқади. Нима тайёрлаганда ҳам улар организм учун фойдали бўлиши, байрамдан кейин ошқозонни бузмаслиги керак. Бундай салбий ҳолатлардан қочиш учун эса овқатланиш тартибига риоя қилиш керак. Мисол учун, ширинликдан кейин ёғли овқатлар еб бўлмайди. Қандолат маҳсулотларида кўпинча крем кўп бўлади. Уларни ёғли овқат билан ҳеч қачон қўшманг. Кейин газли ичимликларни камроқ, мева ва кўкатларни кўпроқ истеъмол қилган маъқул. Шунда оғир овқатлар камроқ тановул қилинади ва ҳазми ҳам осон бўлади.

Байрам куни кўпроқ норин, қази каби кучли таомлар тай­ёрланади. Қон босими юқори ёки ички аъзоларда шамоллаш, ошқозон касалликлари безовта қиладиган кишиларга бундай таомлардан кўра, димланган, қайнатилган овқатлар маъқул. Товуқ, гўшт маҳсулотларини қайнатиб пишириш фойдалироқ.

Толибжон Умаралиев, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси бош технологи:

– Янги йил ёки бошқа байрамларда дастурхонни тўкин бўлишини ҳамма истайди. Лекин, маҳсулотларни аралаш қилиб қўйишни тавсия этмайман. Чунки, таом истеъмол қилганда оқсил, қанд ва углеводларнинг мутаносиблигига эътибор қаратиш керак. Гўштли таомлар кўп тоновул қилинганда инсон танаси азобланади. Ошқозон қийналмаслиги учун енгил ҳазм бўладиган енгил — қайнатилган ёки димланган таомлар тавсия этилади. Гўштни ҳам ёғлисини эмас, ёғсизроғини, товуқ ёки балиқ гўштидан тайёрланган таомлар фойдали. Сабзавотли ва мевали газаклардан кўпроқ фойдаланиш тавсия этилади. Газакларда ёғ ва майонездан воз кечиб, ўрнига қаймоқ, зайтун ёки ўсимлик ёғи ишлатган маъқул.

Дастурхон атрофида болалар бўлади ва улар ширин ичимликларни яхши кўради. Лекин, уларга турли хил қўшимчалар қўшилган ичимликлар бериш керак эмас. Айрим газли суюқликлар, ичимликлар организмдаги калъцийни емириб, боланинг ўсишига, суяклари ривожланишига салбий таъсир қилиши мумкин. Товуқ шўрва, тифтел, котлет каби таомларни шаклли пичоқда тўғралган қизил сабзи ва кўкатлар билан безатиб қўйиш, уларнинг иштаҳасини янада очади.

Қисқаси, овқатланишда меъёр ва тартибга риоя қилишни ва мева, сабзавотларга кўпроқ эътибор беришни барча экспертлар тавсия этмоқда.