Маълумки, ҳар бир давлатда ишсизлик муаммоси мавжуд. Айнан шу муаммонинг ечими йўлида давлат дастурлари ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон ҳам бундай муаммодан холи эмас. Бироқ кейинги пайтларда мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирлар ишсизликни камайтиришга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.
2018 йилдан «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури амалиётга татбиқ этилиши ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш, бандликка кўмаклашишда муҳим қадам бўлди.
Рақамлар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, 2018-2021 йилларда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида қарийб бир миллион оилага 23,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Биргина 2021 йилнинг 11 ойида ушбу дастур доирасида 332,6 минг киши ва тадбиркорлик субъектларига 8 триллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар берилган.
Ўз-ўзидан савол туғилади: мамлакатимизда ишсизлик даражаси ошяптими ёки пасайиш кузатиляптими?
Ушбу савол билан биз Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг директор ўринбосари Замон ХАЛДАРОВга мурожаат қилдик.
– Давлатларнинг иқтисодий ривожланганлик даражасидан қатъи назар, уларнинг асосий вазифаларидан бири – мамлакатда ишсизликни камайтириш ва аҳолининг барча қатламлари учун турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат юритиш орқали узоқ муддатли инклюзив ривожланишни таъминлашдир, – деди З.Халдаров. – Бу борада турли давлатларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар бир-биридан фарқли бўлганлиги боис иқтисодчилар, сиёсатчилар ва экспертлар орасида уларнинг қанчалик самарали эканлиги қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлади.
Мамлакатимизда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, қатор дастурлар ижроси ушбу масалада амалий аҳамият касб этмоқда.
Қуйидаги рақамларда юртимиз бўйича ишсизлик даражасининг пасайганини кўриш мумкин: 2020 йил якунида ишсизлик даражаси 2019 йил якунидаги 9 фоиздан 10,5 фоизгача ошган бўлса, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 9,4 фоизгача пасайиши кузатилди.
– Бозор иқтисодиёти шароитида камбағалликни қисқартириш ва иш ўринлари яратишда молиявий имтиёзлар бериш ҳалқаро тажриба таҳлилида қандай баҳоланади?
– Айниқса, либерал иқтисодчилар томонидан бозор иқтисодиёти шароитида камбағалликни қисқартириш ва иш ўринлари яратиш учун молиявий имтиёзлар берилиши керакми, бу имтиёзлар адолат тамойилларига зид келмайдими, иқтисодиётда давлат аралашуви қай даражада, қайси тармоқ ва соҳаларда бўлиши керак, деган саволлар берилиши табиий ҳол.
Умуман олганда, ривожланаётган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлили шуни кўрсатадики, давлат томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд қатламига ажратилаётган мақсадли молиявий маблағлар тўғри ва адолатли йўналтирилган ҳолатларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш ҳамда тадбиркорлик имкониятларини кенгайтиришда ўзининг ижобий натижаларини берган.
Халқаро тажрибага кўра, ушбу имтиёз ва молиявий кўмаклар бошқа ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бирга параллел равишда амалга оширилганда яхши самара бериши кузатилган.
– Юқорида таъкидланганидек, ижтимоий дастурларни амалга ошириш макроиқтисодий кўрсаткичларга қандай таъсир этади?
– Ҳар бир давлат узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун у ёки бу йўл билан мамлакатда эҳтиёжманд аҳоли қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш ва уларни ўрта даромадли қатламга олиб чиқишга мажбур бўлади. Бу борада Ўзбекистонда давлат томонидан аҳолига тўғридан-тўғри ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бирга, уларнинг даромад топиш имкониятларини ошириш учун имтиёзли кредитлар орқали молиявий қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилган.
Хусусан, сўнгги йилларда оилавий тадбиркорлик дастурлари кўлами кенгайиб бораётганига қарамай, тижорат банклари томонидан имтиёзли асосда ажратилаётган кредитлар улуши 2018 йилдаги 49 фоиздан 2021 йил декабрь ҳолатига 25,5 фоизгача пасайиши кузатилди. Дастлабки йилларда кредитлар тўлиқ давлат ресурслари ҳисобидан амалга оширилган бўлса, 2021 йилга келиб дастурларни молиялаштиришда аввал ажратилган кредитларнинг қайтган қисми қарийб 60 фоизга етди.
Бу, ўз навбатида, дастлабки йилларда ушбу дастурларда қатнашган аҳолининг доимий даромадга эга бўлиши ва ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ҳисобига даромадлари ошганлиги ва анъанавий молиявий хизматлардан фойдаланиш секторига ўтаётганлиги билан изоҳланиши мумкин.
– Оилавий тадбиркорлик дастурларини амалга оширишда асосий эътибор ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали ички бозорда маҳсулотлар таклифини оширишга қаратилмоқда. Бунинг самарадорлигини қандай изоҳлайсиз?
– Ўз навбатида, оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали тадбиркорлик фаолиятининг йўлга қўйилиши мамлакатда асосий истеъмол товарлари таклифининг ортишига ҳисса қўшиб, нархлар барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Биргина мисол, 2018-2020 йилларда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида аҳоли хонадонлари ва бўш турган ерларда ташкил этилган иссиқхоналар маълум маънода ички бозорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таклифи ва нархлари мавсумий тебранишларининг олдини олиш имконини берди.
Дастурлар доирасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар мамлакатда ишсизлик даражасини қисқартиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, пандемия даврида аҳолининг турли дастурлар орқали қўллаб-қувватланиши ишсизлик ортиб кетишининг олдини олишга ҳамда 2021 йил 1 октябрь ҳолатига пандемиядан аввалги даражагача пасайишига хизмат қилганини таъкидлаш ўринлидир.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
суҳбатлашди.