Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эксперт: Маҳкумлар учун аввалгидек қийноқлар йўқ
15:49 / 2021-01-31

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи қийноққа ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи томонидан 2019 йилдан буён мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Бу орқали жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилмоқда.

2020 йилда пандемия шароитида Омбудсман бошчилигида 42 маротаба жазони ижро этиш муассасалари, 9 маротаба вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 8 маротаба ички ишлар органлари, 6 маротаба тергов ҳибсхоналари, 5 маротаба маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар, 2 маротаба муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари, 4 маротаба карантин мажмуаси ва коронавирус билан касалланганларни даволашга ихтисослашган марказларда мониторинг ўтказилди. Уларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 4 минг нафардан ортиқ шахслар билан жамоавий, 578 нафар шахс билан индивидуал учрашув ташкил этилди.

Маълумки, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида қийноқларнинг олдини олишда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши кераклиги алоҳида таъкидланган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва махсус қабулхоналар ҳамда шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларда мавжуд ҳолатни ўрганиш мақсадида Омбудсман ҳузурида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш мақсадида Миллий превентив механизм доирасида 13 ва 7-сонли жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам олиш шароитлари ҳамда муассасаларда санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатлари ўрганилди.

Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибга кўра, ҳар бир маҳкумга жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда мурожаат этишлари, соғлиғини сақлаш, шу жумладан, тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стационар шароитда тиббий ҳамда жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдам олиши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши керак.

Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасасида ҳозирда 1 минг 100 га яқин маҳкумлар жазо муддатини ўтамоқда. Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 14 та цех мавжуд.

Маҳкумларга ишбай асосда хақ тўланиб, кунлик норма тўлиқ бажарилган тақдирда уларга кунига 29 минг сўм иш хақи ҳисобланади. Нормани ошириб бажарганларга кўпроқ ва аксинча, кам ишлаганларга камроқ кунлик маош ҳисобланади. Муҳими белгиланган нормани тўлиқ бажара олмаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.

Маҳкумларнинг узоқ муддатли оилавий учрашувлари учун 16 та хона ажратилган. Колонияда 5 та телефон ўрнатилган бўлиб, график асосида маҳкумлар 10 дақиқагача яқинлари билан пуллик асосда гаплашиши мумкин. Муассаса масъулларининг сўзларига кўра, яқин кунларда маҳкумлар учун онлайн видеомулоқот қилиши учун ҳам имконият яратилади.

Қийноқларнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муассасага 80 та кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, яқин кунларда яна 640 дан ортиқ нуқталарга видеокузатув мосламалари ўрнатилиши режалаштирилган.

Мониторинг давомида Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказилди.

Жамоавий учрашувда маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилиб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари юзага келган тақдирда Омбудсманга мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилди. Якка тартибдаги қабулларда эса муассасада уларга қандай муносабатда бўлаётганликлари, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бор ёки йўқлиги, маҳкумлар учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикрлар ўрганилди. Аниқланишича, ушбу мониторинг давомида маҳкумлардан муассасада яратилган шароит ва қийноққа солиш масалаларида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган.

- Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган республика бўйлаб мониторинг ташрифлари жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, бу йилдан эътиборан ушбу жараёнлар жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари билан биргаликда амалга оширилмоқда, – дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти мудири Саидбек Азимов. - Айтиш жоизки, маҳкумларнинг руҳий ҳолати, хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда илк мониторинг тадбирига камроқ журналистларни жалб этдик ва албатта, тасвирга олиш жараёнида ҳам кадрга тушишни истамаган маҳкумлар камера объективидан четлаштирилди. Мониторинг давомида маҳкумлар билан яккама-якка ўтказилган суҳбатларда ҳам мазкур муассасаларда уларга нисбатан қийноқ, руҳий камситилиш каби ҳолатлар бўйича мурожаатлар келиб тушмади. Мурожаатларнинг аксарияти асосан, афв этилиш, озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари билан алмаштириш каби илтимослардан иборат.

Шунингдек, ташриф давомида Эксперт гуруҳи аъзолари 2009 йилдан буён хизмат кўрсатувчи “Atlantic” реабилитация марказида ҳам бўлиб, маҳкумларга яратилган шароитлар билан танишди.

- Бир вақтлар Жаслиқ қамоқхонасида уйдирма айбловлар билан жазо муддатини ўтаб чиққанман, – дейди Эксперт гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Ҳуқуқий таянч жамоат бирлашмаси раиси Аъзамжон Фармонов. - Омбудсман ҳузуридаги комиссия аъзолари таркибида менинг ҳам борлигим муҳим воқеа. Сабаби, кўпчилик одатда жазо муддатини ўтаётганимда ҳам давлат идораларидан кўп комиссиялар борган, лекин улар ўша зонани ичидаги аҳволни бизчалик ҳис қилмайди. Мен бугун ушбу жазони ижро этиш муассасаларига келдим ва бу ердаги маҳкумларнинг яшаш шароитлари ва кун тартиблари билан танишдим. Айрим маҳкумлар билан хаттоки, юзма-юз гаплашиш имкониятига эга бўлдим. Бу ердаги шароит ҳақиқатда, бундан 3-4 йил олдинги вақтларга нисбатан жуда кескин фарқ қилади. Уларнинг яшаш шароитлари яхшиланган ҳамда уларга турли хил касб эгаллаш билан боғлиқ имкониятлар тақдим қилинган. Мен айнан Жиноят кодексининг 159, 244-моддалари билан жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашдим. Ўзимни собиқ маҳкум эканлигимни, қийноқлар бўлаётган бўлса тортинмасдан гапириб беришлари мумкинлигини айтганимда, улар ҳозир аввалгидек қийноқлар йўқлиги, фақат озодлик етишмаётгани, ўз оилаларини соғинганликларини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, маҳкумлар ўзига нисбатан тазйиқ ёки бошқа ноқонуний ҳолат бўйича ўз вақтида мурожаат қила олишлари учун ҳар бир жазони ижро этиш муассасаларида “Омбудсман қутиси” ўрнатилган бўлиб, уни фақатгина шахсан Омбудсман мутахассислари очиш ҳуқуқига эга.

Мониторинг ташрифи давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар қабул қилиб олинди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассасалар раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди.

Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузурида жамоатчилик вакилларидан иборат Эксперт гуруҳи томонидан жазони ўташ муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар давом эттирилади.

ЎзА.