Ғарбий Африка иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) мамлакатлари мудофаа штаби бошлиқлари 17-18 август кунлари Гана пойтахти Аккрада фавқулодда мажлис ўтказади, деб хабар тарқатди RFI радиостанцияси.
Бундан аввалроқ Al-Arabiya телеканали ЭКОВАСга аъзо мамлакатлар бош штаб бошлиқларининг Нигердаги вазият бўйича мажлиси қўшинлар тайёр эмаслиги сабаб бошқа муддатга кўчирилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
“ЭКОВАС мамлакатлари штаб бошлиқларининг фавқулодда учрашуви бўйича янги сана тасдиқланди. Мажлис 17-18 август кунлари Гана пойтахти Аккрада бўлади. Минтақавий ташкилот комиссияси аъзо мамлакатлар мудофаа вазирларига мурожаат қилиб, штаб бошлиқларини мажлисда иштирок этишга жўнатишни сўраган. Улар Нигерга киритиш учун қуролли кучларни зудлик билан тайёрлашга давлат раҳбарларидан ваколат олган”, – дейилади радиостанция тарқатган хабарда.
10 август куни Абужеда ЭКОВАСнинг Нигердаги вазият бўйича тезкор саммити бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, ташкилот мудофаа штаби бошлиқларига Нигерда конституциявий тартибни тиклаш учун зудлик билан захира кучларини фаоллаштиришга топшириқ берган.
ЎзА