Фарғона шаҳрида бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” массиви – Экошаҳарда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти Фарғона вилояти бўлинмасининг янги замонавий биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳар бир соҳа сингари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ислоҳотлар жадал олиб борилаётганлигини таъкидлаб, ер умуммиллий бойлик эканлиги, уни аниқ ҳисоб-китобини юритиш, ундан самарали фойдаланишда ушбу муассасанинг ўрни катта эканлигини қайд этди.
Ушбу бўлинманинг янги маъмурий биноси мамлакатимиз ривожига, жумладан, ер тузиш соҳаси истиқболига хизмат қилишига тилак билдирилди.
10 миллиард маблағ эвазига қурилган бинода ходимлар учун қулай шарт-шароитлар яратилган.
[gallery-19958]
Рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар янги замонавий бинода ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Мазкур бўлинма вилоят бўйича ер тузиш, яйловларда геоботаник тадқиқотлар ўтказиш, қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер майдонларини лойиҳалаш ва аукцион савдоларига чиқариш, ер фонди тоифаларини ўзгартириш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги ерларини солиққа тортиш учун меъёрий қийматни ҳисоблаш, учувчисиз қурилмалар орқали қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш ҳамда докторантура йўналишида ўз фаолиятини олиб боради.
М.Сулаймонов,
М. Қодиров(сурат),ЎзА