Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экорейд: 15 та объектда қурилиш вақтинча тўхтатилди
10:57 / 2025-11-27

Пойтахтимизда ҳаво сифатининг ўта зарарланиб қолгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланиб, унинг доирасида бир қатор амалий тадбирлар қатъийлик билан олиб борилмоқда. Экологик рейдлар ташкил этилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Бош прокуратура, Қурилиш вазирлиги, Энергоинспекция ва Қурилиш инспекцияси ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар томонидан Тошкент шаҳрининг 12 туманидаги қурилиш объектлари комплекс ўрганилди. Жараёнга 140 нафар ходим жалб этилди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг маълумотларига кўра, мазкур тадбирлар давомида 96 та қурилиш объекти ўрганилди. Шундан 60 та ҳолатда ҳавонинг чанг ва қум билан ифлосланишининг олдини олиш бўйича мажбурий талаблар бузилганлиги аниқланди. Шунингдек, 47 та ҳолатда  қурилиш майдонининг 25 фоизини кўкаламзорлаштириш бўйича талаб бажарилмаган.  

Ҳуқуқбузарликларга қарши қатъий чора кўрилди. Жумладан, 15 та объектда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилди, 70 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 68 нафар шахс расмий огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, 24 та объектда сув ювиш мосламалари ўрнатилиши таъминланди, 62 та объектда эса автомашиналар шиналарини ювиш учун бассейнлар яратилди.

Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА