Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экопартиянинг ёш парламентарийлари билан учрашув ўтказилди
15:57 / 2025-05-28

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг янги таркибдаги биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда сиёсий партиялар томонидан танланган 150 нафар аъзолардан иборат янги чақириқ таркиби шакллантирилди. Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев Ёшлар парламентига партиядан сайланган ёшлар билан учрашув ўтказди.

Партия раҳбари сайлов жараёнларидан муваффақиятли ўтиб, Ёшлар парламенти аъзолигига муносиб деб топилган йигит-қизларни самимий табриклади. Шунингдек, юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

– Бугунги ёшларнинг ютуқларини кўриб, чинакам фахр туяман. Илгариги даврлар билан таққосласак, ўша пайтларда баъзи вилоятларда бор-йўғи 1-2 та олий таълим муассасаси фаолият юритар эди, уларга кириш эса жуда мушкул бўлган. Ҳеч ким ёшларнинг ташаббусларига, ғояларига қизиқмасди. Ҳозир эса вазият мутлақо ўзгарган — имкониятлар жуда кенг, ҳатто айрим давлатларга намуна бўладиган даражада, – деди Абдушукур Ҳамзаев.

Учрашувда Ёшлар парламенти аъзолари ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиб келаётгани, айниқса, Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрлангани, кўплаб семинар, давра суҳбатлари ва конференциялар ташкил этилгани қайд этилди.

Янги таркибдаги Ёшлар парламенти аъзолари, айниқса, Экопартия вакиллари ўз тенгдошлари орасида экологик маданиятни шакллантиришда фаоллик кўрсатиши лозимлиги айтилди. Айниқса, жорий "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиёт йили" давлат дастури ҳамда яқинда тасдиқланган "2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси" доирасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ёшлар фаол иштирок этиши, ташаббускор бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бугунги экологик вазиятда атроф-муҳитни яхшилаш, барқарор экологик муҳитга эришишда “тенгдош-тенгдошга” тамойили асосида ёшлар орасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш долзарб аҳамият касб этади.  

Ўз навбатида, яшиллар партиясининг ёш парламентарийлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирдилар, ўзларига билдирилган ишончни оқлашда ташаббускор бўлишга ваъда бердилар.

Учрашув сўнгида Ёшлар парламенти аъзоларига расмий гувоҳномалар, кўкрак нишонлари ҳамда партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА