Сайловчиларнинг имзосини йиғиш сиёсий партиялар учун сайловда иштирок этишнинг энг муҳим талабларидан биридир.
Маълумки, шу йил 31 июлдан 15 августга қадар сайловда сиёсий партиянинг иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш ишлари амалга оширилди. Имзо йиғиш жараёнида ҳар бир сиёсий партия фаоллик кўрсатиб, камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаш учун ҳаракат қилди.
16 август куни Ўзбекистон Экологик партияси томонидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш бўйича Марказий сайлов комиссиясига “Е-saylov” ахборот тизими орқали мурожаат юборилди ҳамда тўпланган имзо варақалари Марказий сайлов комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилди.
[gallery-18764]
Партия вакиллари имзо тўплашда ҳар бир маъмурий ҳудудда, яъни вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида 40 минг сайловчининг кўпи билан 8 фоизи имзосини тўплашга алоҳида эътибор қаратди. Имзо йиғиш борасида қонунчиликда белгиланган ушбу талаб мамлакатнинг ҳар бир ҳудудидаги сайловчиларни қамраб олиш имконини беради.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ташкил этилган имзо тўплаш ишларида кенг жамоатчилик, партия электорати ва хайрихоҳлари, ёшлар, кексалар ва турли соҳа вакиллари фаол иштирок этди. Улар партиянинг парламент сайловидаги иштирокини қўллаб-қувватлашини билдириб, имзо қўйди.
Имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани Марказий сайлов комиссиясининг эксперт гуруҳлари томонидан беш кун давомида текшириб чиқилади.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА