Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экопартия вакиллари «Дўстлик» боғи бўйича ҳокимликка депутатлик сўрови юборади
13:36 / 2024-04-25

Бугун пойтахтимиз атмосфера ҳавосини яхшилаш, яшилликни асраш ва янада кўпайтириш энг долзарб ҳаётий масалалардан бирига айланган. Аммо бир қатор экологик муаммолар кўз олдимизда рўй бераётганига қарамай, яшил ҳудудларга раҳна солиш ҳаракатлари ҳамон содир этилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги «Дўстлик» (Бобур) маданият ва истироҳат боғининг қайта реконструкция қилиниши ва паркка аттракционлар жойлаштирилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат аҳолининг эътироз ва муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бугун шаҳар марказларида яшил боғларни барпо этиш ҳаётий зарурат ва дунё трендига айланган. Аттракционли кўнгилочар парклар эса асосан шаҳарлар ташқарисида жойлаштирилади.  

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси ўз муносабатини билдирди. Унда қайд этилишича, қонунчилигимиз талабига кўра, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳалари белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши керак. Шуларни инобатга олган ҳолда мутасаддилар мазкур боғдаги дарахт ва яшилликни сақлаб қолишлари, аттракционлар ўрнатилмаслиги ва боғни реконструкция қилиш лойиҳасини жамоатчиликка тақдимот қилишлари лозим.  

«Ўзбекистон Экологик партияси ҳар қандай қурилиш ва реконструкция ишлари атроф-муҳитга ва дарахтларга зарар етказмаслик, яшил ҳудудлар камайишига йўл қўймаслик ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблайди ҳамда фуқароларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровини юборади», дейилади партия муносабатида.

Дарҳақиқат, Тошкент шаҳридаги ҳар бир дарахтни, яшил ҳудудларни асраб қолиш ҳаётий масалалардандир. Бу борадаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда жамоатчилик назорати ҳар қачонгиданда муҳим.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА