Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экопартия фракциясининг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди
10:17 / 2026-01-17

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда фракциянинг 2025 йил якунлари ва 2026 йилда амалга оширадиган асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Партия етакчиси ва фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев 2025 йилда қонунчилик ташаббуслари, жойлардаги ўрганишлар ҳамда жамоатчилик билан мулоқот йўналишларида олиб борилган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги йўналишида фракция аъзолари Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилган 6 та қонун лойиҳасига ҳамташаббускор бўлди. Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, атроф-муҳит мониторинги самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳалари устида иш олиб борилди.

Парламент назорати йўналишида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қонунлар, қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш, оқова сув иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш, чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш, қурилиш жараёнларида экологик меъёрларга риоя қилиниши бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назорати ўрнатилди. Жумладан, 13 та мансабдор шахс эшитуви ўтказилди. 

Соҳада илмий эксперт ва олимларнинг иштирокини кенгайтириш, экологик муаммоларни бартараф этишнинг илмий асосларини муҳокама қилиш мақсадида тегишли ҳамкорлар билан биргаликда 11 та илмий анжуман ташкил этилди, 4 мингга яқин олимлар билан мулоқотлар ўтказилди.

Очиқ мулоқотда фракция аъзоларининг ҳудудлардаги фаолияти, учрашувлари, мурожаатлар билан ишлаш йўналишида эришаётган натижалари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масалалари бўйича 22 маротаба маҳаллий Кенгаш ҳамда 81 маротаба давлат органлари ва идоралари вакиллари билан амалий мулоқотлар ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли ва ёшларнинг экологик маданиятини ошириш борасида ҳам бир қатор тарғибот тадбирлари амалга оширилган.

Мулоқотда партия ва фракциянинг 2026 йилги фаолият йўналишлари, режалаштирилган ишлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

[gallery-27183]

Очиқ мулоқотда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.

Шунингдек, тадбир доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) бўйлаб пресс-тур ўтказилди. Университет тизимидаги тадқиқот институтлари олимлари томонидан яратилган илмий ишланмалар ва уларнинг натижалари кўргазмаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган янги кўчат навлари, доривор ўсимликлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Наврўз Юсупов, 

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:

– 2026 йилда фракциямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири – “яшил” иқтисодиёт тамойилларини қонунчиликда мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия тежамкор технологиялар, ишлаб чиқаришда экологик стандартларни жорий этиш бўйича қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назоратини янада кучайтиришдан иборат.

Шунингдек, Президентимиз Мурожаатномасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиқиб, фракциямиз қишлоқ хўжалиги ва саноатда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш борасидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш борасида қонунчилик ташаббусларини илгари суришни мақсад қилган. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА