Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Кенгаш аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов олиб борди. Унда партия ташкилотининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.
Йил якуни бўйича ҳисоботда қайд этилганидек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича йил давомида 400 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 256 таси ижобий ҳал этилган, 140 таси тегишли ташкилотларга йўналтирилган.

Экологик ҳолатни таҳлил қилиш ҳамда дастурий вазифаларни жорий қилиш бўйича Ўзбекисон Экологик партияси Тошкент шаҳар ҳамда туман партия ташкилотлари томонидан ҳисобот даврида жами 983 та тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилган. Шунингдек, экологик саналарга бағишланган 102 та давра суҳбати ва тадбирлар ташкил этилди.
Ёшлар ва аёллар билан ишлаш бўйича «Ёшлар қаноти» вакиллари томонидан жами 188 та, «Аёллар қаноти» вакиллари билан ҳамкорликда 185 та, «Ёшлар парламенти» вакиллари билан 17 та давра суҳбати ва тадбирлар ташкил қилинди.

Таъкидланганидек, Тошкент шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг баҳор ва куз мавсумларида Экопартия ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жами 259 марта дарахт кўчатлари экиш тадбирлари ташкил этилган. Ўтказилган тадбирлар давомида 16 мингдан ортиқ кўчатлар экилган. Жумладан, умуммиллий лойиҳа доирасида «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ҳудудида 4 гектар майдонга 2 мингдан зиёд дарахт экилди.
Партия аъзолари сафини кенгайтириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 1 йил давомида 11 минг 376 нафар янги аъзолар партия сафига қабул қилиниб, жами аъзолар сони 33 мингдан ошди.
2023 йил давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан аҳоли мурожаатлари юзасидан экологик муаммоларнинг 81 таси ижобий ҳал қилинган. «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи фуқароларнинг 44 тасига ижтимоий кўмак берилган, иш билан таъминлаш бўйича 142 нафар фуқароларга амалий ёрдам кўрсатилган.
М.Комилова,
ЎзА