Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологлардан хайрли ташаббус
16:17 / 2022-04-01

Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида “Илм-маърифат боғи” янада яшилликка бурканадиган бўлди.

2020 йил мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган мазкур масканда ҳозирда мингга яқин турли дарахт ва буталар парваришланмоқда. “Илм-маърифат боғи” га кўчат экиш акциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алиханов иштирок этди.  

Акция доирасида 350 дона каталпа дарахт кўчатлари ўтқазилиб, экологлар томонидан биркалар ўрнатилди. Дарахт кўчатлари “Яшил макон” платформасидан рўйхатдан ўтказилиб, давлат муҳофазасига олинди. Эндиликда ушбу экилган дарахт кўчатлари “Ўзбекистон” маҳалласи фаоллари томонидан парваришланади.  

Айни пайтда Навоий вилоятида “яшил зоналар” вилоят умумий майдонининг 16,6 фоизини эгаллайди. Ўтган йилнинг ўзида вилоятда кўчатхоналар сони 15 тадан 29 тага кўпайди, туман ва шаҳарларда 13 та арзонлаштирилган дарахт кўчатлари ярмаркалари ташкил этилди. Ҳудудларда 11 та намунали каштан, эман ва чинор кўчалари экишни ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.  

Қўмита раиси Б.Алиханов Кармана туманидаги “Era agroholding” МЧЖдаги кўчат етиштириш лойиҳаси билан танишди. Ҳозирда МЧЖ ҳудудида 0,03 гектар майдонда 500 мингта гул кўчати ҳамда 0,03 гектар майдонда қовун, тарвуз, помидор ва бодринг кўчатлари етиштирилмоқда. Иссиқхонада етиштирилган гул ва полиз кўчатлари вилоятдан ташқари Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятларига етказиб берилади. Шунингдек, қўмита раиси Навоий кон металлургия комбинатининг Болалар ижодиёти марказига ташриф буюриб, маскандаги тўгараклар фаолияти билан танишди. Учрашув чоғида иқтидорли ёшлар ўзларининг инновацион ишланмалари ҳақида меҳмонларга гапириб берди.  

“Навоийазот” АЖнинг “Азот кислотаси ишлаб чиқариш” цехида корхона мутахассислари билан учрашув ҳам таассуротларга бой бўлди.  9 мингга яқин киши меҳнат қилаётган “Навоийазот” акциядорлик жамиятида мамлакатимиз кимё саноати маҳсулотларининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади. Цехда ишлаб чиқариш жараёни автоматик равишда бошқариб турилади. “Навоийазот” АЖда ўрнатилган автоматик станция созлиги доимий равишда Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Атроф муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими лабораторияси ва “Навоийазот” АЖнинг санитар лабораториялари томонидан таҳлиллар асосида текшириб турилади. 

Абдували Бўриев, ЎзА