Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологияни тоза сақлашга қаратилган семинар (+видео)
15:10 / 2025-12-04

Тошкент туманида атроф-муҳитнинг ифлосланишдан муҳофаза қилишга қаратилган навбатдаги амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Тошкент тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилди.

Унда тижорат банклари вакиллари, иссиқхона эгалари, фильтр ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар, маҳалла раислари ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари, туман прокурори ҳамда ИИБ бошлиғи ҳам тадбирда қатнашиб, ҳуқуқий тартиботни таъминлаш ва экологик назоратдаги вазифалар юзасидан фикрлашди. 

Дастлаб туман ҳокими Сардорбек Эргашев ўз сўзида иссиқхона эгалари зиммасидаги масъулиятга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, фильтр ўрнатмасдан фаолият юритиб, ҳаво сифатига зарар етказаётган ҳар қандай иссиқхона хўжалигига нисбатан чоралар кўрилиши, зарурат туғилганда эса тармоқдан узилишгача борилиши таъкидланди. 

Семинарнинг асосий мақсади Президент Администрацияси раҳбарининг топшириқларидан келиб чиқиб, иссиқхона эгалари ўртасида экологик маданиятни ошириш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича тизимли чораларни амалга оширишдан иборатдир. 

Тадбир давомида мутахассислар томонидан тадбиркорларга иссиқхоналарда фильтр ўрнатиш, зарарли ёқилғидан воз кечиш, ҳавога сизувчи чиқиндиларни минималлаштириш каби экологик меъёрларнинг амалда қандай бажарилиши кераклиги атрофлича тушунтирилди. Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан иссиқхоналарда қўлланиладиган замонавий технологиялар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Кўргазма техник ечимларни таклиф этувчи компаниялар билан амалда фаолият юритаётган иссиқхона эгалари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариб, тадбиркорларга фильтрлар, энергия самарадор ускуналар ва экологик хавфни камайтирувчи замонавий тизимлар билан яқиндан танишиш имконини берди. 

Мақсад иссиқхоналарни модернизация қилиш ва уларни замонавий, экологик хавфсиз ечимларга ўтказишга кўмаклашишдир. Бу эса ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш ва тадбиркорликни янада барқарор ривожлантиришга хизмат қилади. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OQWpJyYY0bg" title="Ekologiyani toza saqlashga qaratilgan seminar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Мусаев, ЎзА.