French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экологияга оид қонунчилик ташаббуслари илгари сурилмоқда
17:31 / 2024-10-24

Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг янги Сайловолди дастурида экологик қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бир қатор янги қонун ва стратегик ҳужжатларни қабул қилиш лозимлигини таклиф этмоқда. Хусусан, партия Экология ва Ўрмон кодексларини қабул қилишни илгари сурмоқда.

Бундан ташқари, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, прогнозлаштириш орқали атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишининг олдини олиш, шунингдек, табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати юритилишини баҳолаш, ахборот билан таъминлаш мақсадида “Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида”ги қонунни, аҳолининг экологик ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида “Экологик ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш илгари сурилмоқда. 

Шунингдек, “Табиатни тиклаш тўғрисида”ги, “Кимёвий хавфсизлик тўғрисида”ги, янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. 

Шу билан бирга, партия давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилайдиган Барқарор экологик ривожланиш стратегиясини, қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувдан самарали фойдаланишга қаратилган Миллий дастурни қабул қилиш тарафдоридир. 

Соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкам бўлса ва экологик қонунчиликка амал қилинса, кўпгина экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларни юмшатишга эришиш мумкин бўлади. Бу эса ҳар биримизнинг экологик маданиятимизга бориб тақалади. Ўзбекистон Экологик партияси эса экологияга оид қонун ҳужжатларини мустаҳкамлаш ва аҳолининг бу йўналишдаги маданиятини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида сиёсий майдонга чиқмоқда. Партиянинг бу каби ғоя ва ташаббуслари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА