French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади
11:51 / 2025-11-19

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади. 

Экология қўмитаси қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, ўрмонларни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ягона давлат сиёсати ва назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади. 

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчи бўлинмаси ташкил этилади. 

Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Гидрометеорология хизмати агентлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини Экология қўмитаси ҳузурида давом эттиради. 

Фармонга кўра, Экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади: 

а) чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Чиқиндидан холи ҳудуд” умуммиллий лойиҳаси; 

б) атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси; 

в) 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология бошларини ташкил қилишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳа;

г) аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси; 

д) биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган “Био мерос” умуммиллий лойиҳаси. 

Фармонга мувофиқ, Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади. 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиб жорий этилади. 

Юридик шахс бўлмаган Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларига экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида ажратилган 40 та штат бирлиги Экополицияга ўтказилади. 

Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.

ЎзА