French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилади
17:24 / 2023-08-21

Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида жиддий камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.

Айрим ҳолларда табиатга ва жамиятга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилмоқда. Ҳудудларда, айниқса, шаҳарларда ҳаво ифлосланиши бўйича ҳолат тобора ёмонлашиб бораётир.    

Атмосферага чиқариладиган ташланмаларнинг юкини камайтириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган. Дарахтлар ва буталар кесилишига мораторий эълон қилинган бўлишига қарамай, 44 мингга яқин, шундан 9,5 мингга яқин қимматбаҳо дарахт ноқонуний кесилган. Оқибатда табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган.    

2022 йилда экологик ҳуқуқбузарликлар юзасидан 27 ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бироқ, уларнинг барчаси бўйича енгил молиявий жарима жазоси қўлланилган.   

Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармасида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида фикр юритилди.    

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов, судьялар, бошқарма эколог мутахассислари, прокуратура вакиллари иштирок этган тадбирда экология соҳасидаги қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича қилиниши зарур бўлган ишлар муҳокама этилди.    

– Атроф табиий муҳитини асраб-авайлаш, экологик ҳуқуқларни таъминлаш Конституция даражасида белгиланди, – деди Тошкент шаҳар суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов. –  “Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар” деб номланган бобда ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.    

Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.   

Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги ҳам қомусдан ўрин олган.    

Айтиб ўтиш керакки, мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар қимматбаҳо навларини кесишга муддатсиз мораторий жорий этилди.  

Ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, экологик маданиятни янада ошириш махсус ваколатли давлат органларининг бирламчи вазифаларидандир. Бунинг ижросини таъминлашда судлар билан боғлиқ ишларни тўғри ташкил этиш ҳам муҳим.    

Статистик маълумотларга кўра, атроф табиий муҳити ифлослантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўлови ундириш билан боғлиқ ишлар йил сайин ошиб бормоқда.  

Хусусан, 2022 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги ташкилотлар томонидан иқтисодий судларга ушбу туркумдаги низолар бўйича 92 даъво ариза билан мурожаат қилинган. Уларнинг 64 таси ўз тасдиғини топгани сабабли қаноатлантирилиб, 22,5 миллиард сўмдан зиёд компенсация тўлови ундириб берилган.    

Мазкур туркумдаги ишлар 2023 йилнинг 7 ойи давомида бирмунча ошиб, жами 348 тани ташкил этди. Судга киритилган даъво аризалардан 232 таси асосли деб топилиб, қаноатлантирилди.    

Айтиб ўтилдики, ваколатли давлат органи бўлган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан судга киритилаётган даъво аризаларида муайян камчиликларга йўл қўйилмоқда.    

Фармон билан экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритилиши белгиланди.    

Мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорини 5 бараварга ошириш, бунда, қўшимча равишда ноқонуний кесилган дарахт ўрнига компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбуриятини белгилаш ҳамда юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача бўлган миқдорда молиявий жарималар қўллаш жорий этилаётгани қайд этиб ўтилди.    

Судьялар тадбир иштирокчиларига экология билан боғлиқ иқтисодий низоларни кўриш тартибини яна бир бор тушунтириб, бу борада масъулиятни ошириш зарурлигига эътибор қаратди.  

Н.Абдураимова, ЎзА